Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.07.2018 11:13 Чоп этиш версияси

Маҳалла посбони энди олий маълумотга эга бўлиши керак

Маҳалла посбони энди олий маълумотга эга бўлиши керак
Жамоатчилик тузилмаси раҳбари ва унинг аъзолари сифатида камида бир йил мобайнида намунали фаолият олиб борган шахслар ички ишлар органлари хизматига устунлик асосида қабул қилинади.

Ҳукуматнинг 2018 йил 3 июлдаги қарори билан фуқаролар йиғининг “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси фаолияти такомиллаштирилди. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.

Хусусан, қарорга кўра жамоатчилик тузилмасига раҳбар лавозимига номзодлар қоида тариқасида, олий маълумотли, тегишли ҳудудда доимий яшаётган, ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари орасидан танланади.

Ички ишлар органлари ходимларига қўйилган талабларга тўғри келадиган “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбари ва унинг аъзолари фуқаролар йиғини раиси ва профилактика инспектори тавсияномасига кўра, ички ишлар органлари кадрлар захирасига киритилади.

Шунингдек, ички ишлар органлари кадрлар захирасига киритилган Жамоатчилик тузилмаси раҳбари ва унинг аъзолари сифатида камида бир йил мобайнида намунали фаолият олиб борган шахслар Ички ишлар вазирлиги Академияси Касбий тайёргарлик факультетига ўқишга ҳамда ички ишлар органлари хизматига устунлик асосида қабул қилинади.

Бундан ташқари, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбари лавозимга тайинлангандан сўнг унга белгиланган тартибда гувоҳнома, кўкрак нишони, хизмат кийими ва хизмат сумкалари берилади.

ЎзА
4 464