ЎзА Ўзбек

24.07.2018 18:23 Чоп этиш версияси

Маҳалла – ибратли қадриятлар бешиги

Шу кунларда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 февралдаги тегишли баёни билан тасдиқланган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари Дастури”га мувофиқ «Миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантиришда маҳалланинг ўрни» мавзуидаги форумнинг маҳаллалардаги босқичи бўлиб ўтмоқда.

Форумнинг мақсади миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантиришда, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда маҳалланинг ўрни ва ролини муҳокама қилиш, унинг аҳамияти ва нуфузини янада оширишда ҳамкорликни таъминлашдан иборат.

Тадбирни ташкил этиш орқали маҳалланинг миллий ва умуминсоний қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда маҳаллаларнинг аҳамияти ва нуфузини янада оширишга эришилади. Ёшларни маънавий бой ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлиги мустаҳкамланади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши маълумотларига кўра, Урганч шаҳар маҳаллаларида “Ҳар бир оиланинг ўз анъанаси бор” мавзуида ибратли, намунали оилалар иштирокида давра суҳбатлари ўтказилиб, уларга муаммоли, нотинч, ноқобил оила вакиллари ҳам жалб этилган. Ибратли, намунали оилалар аниқланиб, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Ибратли оила” кўрик-танловининг шаҳар боcқичи ўтказилган. Ал-Хоразмий, Бешмерган, Саховат, Шодлик, Маърифатчи, Тоза боғ маҳаллаларидан қатнашган оилалар, айниқса, фаоллик кўрсатган.

Форум доирасида миллий анъаналаримиз, урф-одатларимиз, қадриятларимиз акс этган шеърлар, асарлар асосида ёзувчилар, шоирлар иштирокида бадиий кечалар ўтказилди. “Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам” шиори остида “Маҳалламиз анъаналари” мавзусида ёшлар иштирокида кўрик-танловлар ташкил қилинди. ЎзЛиДеП шаҳар кенгаши билан ўтказилган “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови қуроқчилик йўналишида ҳунармандликка қизиққан ёшларимизни кашф этди. “Зиёкорлар”, “Тоза боғ”, “Шодлик”, “Камолот” маҳалла фуқаролар йиғинларининг ёш битирувчи қизлари ана шундай танловларда юқори натижаларни қўлга киритди.

Назокат Усмонова, ЎзА
4 787