ЎзА Ўзбек

28.09.2019 Чоп этиш версияси

Маҳалла – адолат тамойиллари кўзгуси

Маҳалла – адолат тамойиллари кўзгуси

Термиз шаҳридаги Матбуот уйида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси, Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика ва Сурхондарё вилояти кенгаши ҳамкорлигида матбуот анжумани ўтказилди.

Мамлакатимизда ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги нуфузини янада оширишга қаратилаётган эътибор ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириб, халқимизнинг осуда, обод турмушини таъминлашга хизмат қилмоқда. Айни пайтда маҳалла фуқаролар йиғини раҳбарлари давлат ҳокимиятининг ўттиздан зиёд ваколатига эга бўлган вазифаларни сидқидилдан бажариб, юртимиз фаровонлиги ва аҳоли тинчлиги йўлида муайян ишларни амалга ошираётир. Одамларнинг қувончу ташвишларига шерик бўлиб, улар дуч келаётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари воҳадаги 428 минг 335 оилада бўлиб, улар билан юзма-юз мулоқот қилди. 27 мингга яқин муаммо аниқланиб, 25 минг 946 таси жойида ечим топди.

Вилоятда 719 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритмоқда. Улар томонидан 28 минг 798 фуқарога оилавий тадбиркорликни ривожлантириши учун имтиёзли кредит маблағи билан таъминлашга тавсиянома берилди. Ҳозиргача 13 мингдан ортиқ фуқарога 280 миллиард 999 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Бу маблағ эвазига оилавий тадбиркорлар чорвачилик ва паррандачилик, балиқчилик, боғдорчилик, тикувчилик, хизматлар кўрсатиш, ҳунармандчилик ва қандолатчилик каби йўналишларда ўз бизнесини йўлга қўйди. Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фарзандларини тўгаракларга жалб этиш, аҳолининг китобхонлик маданиятини ошириш, маънавиятини юксалтириш каби масалаларда ҳам сезиларли ишлар олиб борилмоқда.

“Маҳалла жамиятимиздаги адолат тамойилларининг кўзгуси” мавзуига бағишланган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи С.Саломов, Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ахборот хизмати раҳбари А.Умарова, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сурхондарё вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Р.Авазов ва бошқалар шу ҳақда атрофлича фикр юритди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

5 323
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири