Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.11.2017 16:17 Чоп этиш версияси

Маҳалланинг ўз одами

Жиззах вилоятида жорий йилда 80 нафар профилактика инспектори турар-жой ва хизмат автомашинаси билан таъминланди. Улар орасида Жиззах шаҳридаги "Зилол" маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори, лейтенант Аброр Бошбеков ҳам бор.

– Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги "Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида замонавий хизмат уйи ва автомашина беришди, – дейди А.Бошбеков. – Бундай эътибор ўз вазифамга сидқидилдан ёндашиш, ҳудуд аҳолиси тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек шарафли хизматим самарадорлигини янада оширишга ундайди.

Вилоят марказидаги ушбу маҳаллада 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 1 умумтаълим мактаби, 30 дан зиёд корхона ва ташкилот, 2 йирик бозор жойлашган. Савдо, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш шохобчалари, айниқса, бозорларнинг ҳар куни ишлаши боис келиб-кетувчилар оқими ҳам катта. Одатда бундай гавжум ҳудудда ҳуқуқбузарликлар содир этилиши ҳам табиий. Бироқ, Зилол маҳалласи шаҳарнинг энг осойишта ҳудудларидан бири ҳисобланади. Жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллада бирорта ҳам ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилмагани фикримиз тасдиғидир.

– Маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда эришилаётган муваффақиятда профилактика инспекторининг алоҳида ўрни бор, – дейди "Зилол" маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Г.Бобоқулова. – У маҳалланинг ўз одамига айланиб, барчанинг ҳурмат-эътиборини қозонгани профилактик ишлари таъсирчанлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Инспекторнинг фуқаролар йиғини таркибидаги комиссиялар, маҳалла фаоллари билан яқин ҳамкорлиги туфайли профлактика ишларининг бирор соҳаси эътибордан четда қолмаётир.

Жорий йилда маҳалладаги беш нотинч оиладаги келишмовчиликка барҳам берилди. Яраштирув комиссияси билан ҳамкорликда бузилиб кетиш ёқасига келиб қолган 12 оила яраштирилди. Ичкиликка сурункали ружу қўйган икки шахс мажбурий даволанишга юборилди.

Маҳаллада ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Вояга етмаганларнинг ўзи мингдан зиёд. Шунинг учун таълим муассасалари, оилаларда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган учрашув ва суҳбатлар, турли тадбирлар мунтазам ўтказилади. Фуқаролар йиғинининг вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт, хотин-қизлар масалалари комиссиялари билан ҳамкорликда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида спорт секциялари ва турли тўгараклар фаолияти самарали йўлга қўйилган.

Ҳар пайшанба куни ҳудуддаги маънавий-ахлоқий муҳит, ўқувчилар давомати, умуман, маҳалла ҳаёти билан боғлиқ барча масалалар тегишли ташкилотлар ва фаоллар иштирокида атрофлича муҳокама қилинади. Маҳалла маслаҳатчилари, посбон ва фуқаролар йиғини комиссиялари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинади.

Профилактика куни тадбирлари маҳаллаларимиз ҳаётидан тобора чуқур ўрин олмоқда. Унинг самараси жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар сонининг камайиши, таълим муассасаларида давоматнинг яхшиланишида яққол кўзга ташланади. Бугунги кунда бу тадбир мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таркибий қисми сифатида юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги юксалиши, осойишта ҳаётимиз бардавомлигига хизмат қилаётир.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
1 230






Все о погоде - Pogoda.uz