ЎзА Ўзбек

21.04.2018 17:09 Чоп этиш версияси

Мўжизалар даври

Мўжизалар даври
Мўжизалар даври гуруҳи ташаббуси билан, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи кўмагида Lotte City Hotel Tashkent Palace меҳмонхонасида имконияти чекланган болаларнинг устозлари ва тарбиячилари ёрдамида тайёрлаган ижодий ишлари 18-хайрия кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда имконияти чекланган болаларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган комплекс дастурларни амалга ошираётган жамоат ташкилотлари, болалар уйлари, махсус мактаб-интернатлар жами 25 та ташкилот иштирок этди. 

Бизнес, ҳайрия ташкилотлари вакиллари, ҳамшаҳарлар ва шаҳримиз меҳмонлари эътиборини ногирон болалар муаммосига жалб этиш, болаларнинг ижодий ташаббусларини амалга ошириш имкониятларини излаш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда бир қатор ҳомий ташкилотлар ёрдам берди. 

photo5393210749238749281.jpg

- Барчамизга маълумки юртимизда имконияти чекланган болаларга алоҳида эътибор қаратилади, бугунги тадбир ҳам мана шу эътиборнинг бир намунасидир. Кун бўйи давом этган кўргазмада Тошкент шаҳри ва вилоятидан келган жами 450 нафар имконияти чекланган болалар ва 150 нафар кўнгилли ёшлар жамоаси иштирок этмоқда. Ҳайрия кўргазмасида 1500 дан ортиқ ишлар, расмлар, табрикномалар, юмшоқ ўйинчоқлар, зардўзлик буюмлари, батик, мунчоқли буюмлар, аппликация, каштадўзлик буюмлари ва бошқа йўналишдаги ишлар тақдим этилди. Ҳайрия кўргазмасидан йиғилган барча маблағлар иштирокчи-ташкилотларга болаларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган фаолиятни олиб бориш учун берилади – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ходими Бунёд Ғафуров. 

Кўргазмага ташриф буюрган меҳмонлар дунёни шу болалар нигоҳи билан идрок этиш имкониятига эга бӯлдилар. Маъқул бӯлган буюмни ҳарид қилар экансиз, уларда болалар оламигагина хос бўлган оламни фақат пок нигоҳларда акс эттириш, дунёга бўлган чексиз муҳаббат излари борлигига амин бўласиз. 

Кӯргазма давомида болалар учун эстрада хонандалари чиқишлари, шунингдек болаларнинг ӯзлари иштирокидаги қизиқарли шоу-дастурлар тақдим этилди. 

Инобат Аҳатова, ЎзА
7 475