ЎзА Ўзбек

12.03.2019 17:54 Чоп этиш версияси

Мўйноқ кўлларидаги қамишларни ёқиб юбориш тақиқланди

Мўйноқ кўлларидаги қамишларни ёқиб юбориш тақиқланди

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси Мўйноқ тумани Ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда кўлларда қамишзорларни ёқиб юбориш ҳолатларини олдини олиш бўйича тадбирлар ўтказмоқда. 

– Мўйноқ тумани ҳудудида кўллар кўп ва улардаги қамишзорлар орасида ҳайвонот оламининг кўплаб турларини учратиш мумкин, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Азамат Давлетов. – Ушбу қамишзорларда вақти-вақти билан ёнғин содир бўлади. Бу ўз навбатида ҳавони ифлослантириш, наботот ва ҳайвонот дунёсига салбий таъсир кўрсатади, албатта. Ҳозирда туман ҳудудидаги кўлларда ўсган қамишлар, тўқайзорлардаги ўт-чўплар ва бошқа ўсимликларни ёқиб юборишнинг олдини олиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилган. Гуруҳ аъзолари туман аҳолиси хонадонларига уйма-уй кириб қамишзорларни ёқмаслик ҳақида огоҳлантирмоқда. Агар шундай ҳолат юз бериб, атмосфера ҳавоси ифлосланишига олиб келинса Ўзбекистон Республикаси Маъмурий-жавобгарчилик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига асосан 608 минг 190 сўмдан 1 миллион 13 минг 650 сўмгача жаримага сабаб бўлиши, агар бунинг оқибатида ёнғин келиб чиқса, 1 миллион 419 минг 110 сўмдан 2 миллион 27 минг 300 сўмгача жарима қўлланилиши тушунтирилмоқда.

Шунингдек, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш бўйича тушунтириш ишлари туманда олиб борилаётган барча қурилиш ва таъмирлаш объектларида олиб борилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Мўйноқ тумани ҳудудида ҳар турдаги ДВП, ДСП маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган иккита корхона қурилиши режалаштирилган. Ушбу корхоналарда асосан маҳсулотлар қамишлардан ишланади. Мўйноқ кўлларидаги қамишзорлардан авваллари фақат ўт-чўп, том бостириш, қўрғон қуриш каби мақсадларда фойдаланилар эди. Куз пайтлари келгуси йилда янги қамишлар ўсиб чиқиши учун қамишзорлар ёқиб юборилган.

Е.Қаноатов, ЎзА
1 556