ЎзА Ўзбек

06.07.2018 16:18 Чоп этиш версияси

Мўйноқда янги корхона ишга тушди

Мўйноқда янги корхона ишга тушди Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидаги кичик саноат зонаси ҳудудида полипропилен қоплар ишлаб чиқариш цехи иш бошлади. “Қара ой Мойнақ Бабур” масъулияти чекланган жамияти қошида ташкил этилган корхонада 25 янги иш ўрни яратилди.

– Умумий қиймати 3 миллиард 200 миллион сўм бўлган ушбу лойиҳа йилига 6 миллион дона қоп ишлаб чиқаришга мўлжалланган, – дейди мазкур МЧЖ раҳбари Абдулҳафиз Исматуллаев. – Корхонага асосан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жалб қилганмиз.

Хитой Халқ Республикасидан полипропилен қоп ишлаб чиқариш ускуналарини харид қилишда тадбиркорнинг ўз маблағига қўшимча банкнинг имтиёзли кредити ҳам қўл келди.

– Кўпдан буён ишсизликдан қийналиб келаётган эдим, – дейди корхона ишчиси Омонгул Жумамуродова. – Мана, туманимизда янги корхона очилгани биз каби ишсиз фуқаролар учун айни муддао бўлди,

Президентимизнинг 2017 йил 28 февралдаги 2017-2018 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори асосида туманда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур ҳужжатга асосан туманда тўқимачилик, тайёр трикотаж маҳсулотлари, томчилаб суғориш ускуналари, сув насослари, пластмасса қувурлар, электротехника ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, балиқчиликни ривожлантириш ва балиқ маҳсулотлари тайёрлаш, фармацевтика учун ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, хомашё базасини мустаҳкамлаш, сайёҳлик хизматини тараққий эттиришга оид 72 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Ушбу лойиҳа ҳам юқоридаги қарор ижроси доирасида амалга оширилди. Яқин кунларда ҳудудда сочиқ ишлаб чиқариш корхонаси ҳам иш бошлайди.

Е.Қаноатов, ЎзА мухбири
6 657