ЎзА Ўзбек

14.03.2019 12:37 Чоп этиш версияси

Мўйноқда “NavrUZ” этнофестивали ўтказилади

Мўйноқда “NavrUZ” этнофестивали ўтказилади

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида Наврўз байрами ўзгача руҳда ўтказилиши режалаштирилмоқда. Янги ҳаёт бошланаётган туманда байрамни ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

– Туманда “NavrUZ” этнофестивалини ўтказиш учун алоҳида тайёргарлик кўрилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари Асан Ниетуллаев. – Ушбу этнофестивални ташкил қилишдан асосий мақсад Мўйноқ туманида туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиш ва миллий анъаналаримизни мадҳ этишдан иборатдир. Фестиваль асосан туман маркази – Ҳунармандлар қишлоғида ўтказилади. Тадбир иштирокчилари икки кун давомида ҳар хил фольклор-этнографик жамоаларнинг чиқишларини, миллий ўйинларни ва кўргазмаларни томоша қилиши мумкин.

Фестиваль меҳмонлари ҳудудда балиқчилар, ҳунармандлар уйлари, миллий анъанага мос тарзда уй меҳмонхоналари қурилганига гувоҳ бўлади. Ҳунармандлар шу ерда каштачилик, гиламчилик, қуроқ тикиш ва бошқа ишлар билан шуғулланмоқда.

Миллий анъаналарга бағишланган театрлаштирилган хореографик дастурлар намойиш этилиши кўзда тутилган. Сумалак, Наврўз гўжа тайёрланади. Чимбой туманидан ташриф буюрган уй усталари эса ўтовларни қуриш жараёнини намойиш қилишади. Қорақалпоғистон Республикаси жисмоний маданият ва спорт вазирлиги миллий ҳамда халқимизнинг азалий от спорти ўйинларини намойиш этади.

Фестиваль давомида бир томонда миллий кийимлар модаси намойиш этилаётган бўлса, иккинчи томонда ҳунармандларнинг қўл меҳнатлари кўргазмаси бўлиб ўтади. Сайл ташкил этилади.

Мумтоз ашулалар янграб, гулхан атрофида жиров-бахшилар терма-достонлар ижро этишади.

Есимхон Қаноатов, ЎзА
2 581