Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.07.2018 14:59 Чоп этиш версияси

Мўътабархон Мақсудова: «Оила илми – халқимизнинг асрий қадриятлари сарчашмасидир»

Мўътабархон Мақсудова: «Оила илми – халқимизнинг асрий қадриятлари сарчашмасидир» Катта сулоланинг кичик бўғини сифатида шаклланадиган янги оилани оёққа турғазишнинг ўзи бўлмайди. Шу маънода оила тутиш, уни бошқаришнинг ўзи бир илм. Бу илм биносига билган ҳам, билмаган ҳам бир бор бош суқиб кўради, албатта. Айни шу жараёнда оила илмининг эгалланганлиги ёки аксига қараб ҳаётий қувончлар ва ташвишлар бошланади.

Суҳбатдошимиз «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Мўътабархон Мақсудова шу хусусда мулоҳаза билдиради.

– Мўътабар Абдусаломовна, хабарингиз бор, шу йил 27 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Унда оила институти ва уни мустаҳкамлаш борасида йўл қўйилаётган камчиликлар очиқ-ойдин таъкидлаб ўтилди ва галдаги вазифалар белгилаб берилди. Энг аввало, шу ҳақдаги ўз фикр-мулоҳазаларингизни билдириб ўтсангиз.

– Қарорда таъкидланганидек, мамлакатимиз тараққиётига, оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқаришга тизимли муаммо ва камчиликлар тўсқинлик қилаяпти. Уларни бартараф этиш учун оила институтини мустаҳкамлашнинг институтционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шерикликни кучайтириш, замонавий оилани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, оилаларга таъсирчан методик, консультатив ва амалий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш кабилар асосий йўналишлар этиб белгиланди.

– “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказига ҳозирда эҳтиёж борми, демак, биз яшаб турган жамиятда оила муаммолари анча-мунча йиғилиб қолган. Сизнинг-ча, Наманган вилояти мисолида қайси муаммолар алоҳида кўзга ташланади?

– Вилоятимизда биринчи бўлиб, 2018 йил 3 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Марказимизда жами 26 нафар ходим фаолият олиб бормоқда.

Ҳозирги кундаги оилалардаги асосий муаммолардан бири, бу – оиладаги шахслараро муносабат ва мулоқот муаммосидир. Вилоятимизда бугунги кунда ёшларнинг эрта турмуш қуриши, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ ҳам учраб турибди. Оқибат эса маълум: саломатликларини йўқотмоқда, қариндошлар ўртасида тузилган никоҳдан ногирон болалар туғилмоқда.

Кузатишлар шуни кўрсатадики, айрим ёшлар оила қуришга тайёр эмас, уларда ҳис-туйғулар, оилага, турмушга жиддий маcъулият ҳисси етишмайди. Оила психологияси илмининг муҳим вазифаси ёшларни оилавий турмушга тайёрлашда нафақат қизларни, балки йигитларни ҳам уй тутиш, рўзғор тебратиш, поклик, ҳаё, андиша, қайнона-қайноталарни ҳурмат қилиш, оила, никоҳ, фарзанд бурчи, йигитлик ғурури, қизлик шаъни ҳақида тушунча ва тасаввур бериб боришдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5325-сонли Фармони бу борада дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Ёшларимиз оила қуришда Ватанимиз келажагини янада юксакликка кўтаришлари, миллий қадриятларимизни сақлаб қолишлари, оилавий ажримлар, низоларнинг олдини олишларига эътибор беришлари шарт.

– Вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги оилавий муҳит ижтимоий шаклланиши нуқтаи назардан фарқли ҳисобланади. Дейлик, Косонсой тумани ва Наманган шаҳридаги оилавий муносабатларни Чортоқ туманидаги оилавий муҳит хусусиятлари билан қиёслаб бўлмайди. Ҳатто бир туман қишлоқлари орасидаги оилавий муҳитларда ҳам фарқлар кўзга ташланади. Шу маънода сиз раҳбарлик қилаётган бошқарма муаммоларга муносабатларни қандай ёндашувлар асосида шакллантирмоқда?

– Вилоятимизда 2708,6 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ундан 1374,1ни эркаклар, 1334,5 ни аёллар ташкил этади. Жами оилалар сони 691906 дан ортиқ. Вилоят бўйича 770 та маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолият кўрсатмоқда.

Чиндан ҳам ҳар бир туман ва шаҳар оилаларидаги муҳит бир-биридан фарқ қилади. Масалан, Наманган шаҳри аҳолиси асосан ҳунарманчилик, тадбиркорлик билан кўпроқ шу
ғулланади. Туманларда эса аҳолининг зиёли бўлишга интилишлари кучлироқ. Бундан ташқари, шеваларда ҳам фарқ мавжуд. Косонсой ва Чуст, Поп туманларида кўп миллатли оилалар кўпроқ учрайди. Демак, улардаги урф-одатлар шунга мослашганлигини кўриш мумкин. Наманган шаҳрида кўпроқ қайноналар, қайинсингилларнинг келинга бўлган талабчанлик хусусияти, эрта турмуш қуриш, қариндош-уруғ ўртасидаги никоҳлар кўпроқ учрайди. Кейинги пайтларда айрим туманларда ҳам эрта турмуш қуриш, қариндош-уруғ ўртасидаги никоҳнинг қайд этилиши ҳоллари учраётган эди. Оилавий маросимлар ўтказиш борасида ҳам айрим фарқлар бор. Масалан, Наманган шаҳрида туғилган кунларни дабдабали ўтказиш одати йўқ. Туманларда эса аксинча. Тўй маросимларини ўтказиш борасида ҳам кейинги пайтларда мусобақа тарзида, яъни келин-куёв, қайнона-қайнота, овсин, қайинсингил, уларнинг фарзандлари учун турли совғалар, турли хил пишириқларни тез-тез жўнатиш (ҳар пайшанба, якшанба, туғилган кунлар, байрамлар, ҳайитлар) жуда кучайиб кетган эди. Бундай салбий ҳолатлар маҳаллий ҳокимият мутасадди раҳбарлари, хотин-қизлар қўмиталари ходимлари, МФЙ каби бир қатор давлат ташкилотлари томонидан тартибга солинмоқда.

Оилаларни турли мезонлар бўйича таҳлил қилиш ишларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Дилором Тошмуҳамедова раҳбарлигидаги марказ ходимлари жуда катта амалий ёрдам беришмоқда. Президентимиз таклифлари бўйича Тўрақўрғон тумани республикада намунали туман даражасига олиб чиқилиши катта вазифа қилиб қўйилди. Бу борада ҳозиргача бир талай ишлар амалга оширилди. Аввало ночор, нотинч, инқирозга юз тутган, ажралиш ёқасида турган оилаларни аниқлаб, уларнинг муаммоларини ўрганиб, амалий ёрдам берилмоқда. МФЙларда мутахассислар ўртасида мунтазам фокус-тренинглар ташкил этилмоқда. 2018 йил август ойининг охиригача Тўрақўрғон туманини, шунингдек, оилавий муаммолар кўпроқ учраётган Учқўрғон, Поп, Чуст, Косонсойни ҳам намунали туман даражасига олиб чиқиш, оилаларнинг фаровонлигини таъминлаш асосий мақсадимиздир.

– Маълумки, оилавий муаммоларнинг аксарияти иқтисодий етишмовчиликларга бориб тақалади. Хусусан, хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш, жиноятга қўл уриш каби аянчли иллатларнинг сабаблари ҳам шу омиллар билан кўпроқ изоҳланмоқда. Аёлларда иродавий хусусиятларни мустаҳкамлашнинг психологик жиҳатдан замонавий имконлари борми?

– Шахсда ирода, яъни қийинчиликларга чидай олиш ҳолати ёшликдан шаклланади. Ҳозирги ёшларнинг иродаси бундан 30-40 йил аввалги ёшлар иродасидан фарқ қилади. Бугун, телефон, турли замонавий машиналар, уй юмушларини бажариш учун техника воситалари айрим ёшларни дангаса, боқиманда қилиб қўйди. Бу шароитлар уларга катталар томонидан яратиб берилиши, яъни ўзларининг пешона тери билан ишлаб пул топмаётганлиги ҳам ироданинг бўшашиб кетаётганлигига сабаб бўлмоқда. Илгари ёш оилалар уй жиҳозларини ўзларининг меҳнати, ҳаракати билан олишган, шунинг учун уларнинг қадрига етганлар. Умумтаълим мактабларида оилавий ҳаёт этикаси ва психологияси, оилавий ҳаёт этикаси ва педагогикаси каби оила билан боғлиқ фанларнинг ўтилиши мақсадга мувофиқдир. Агар биз қизларга ҳам, ўғил болаларга ҳам ёшлигидан оилавий турмуш тўғрисида илк тушунчаларни, жинсий тарбияни берсак, турли хил нохуш ҳолатларнинг олдини олган бўламиз. Аёлларнинг жиноятга қўл уришлари ҳам оиладаги унга берилган тарбиянинг етарли бўлмаганлиги, ироданинг кучсизлигида деб ўйлайман.

– Кўриниб турибдики, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази зиммасига катта муаммоларни ҳал этиш вазифаси юкланган. Ҳозирги кунда шунга яраша ёш ва истиқболли кадрлар авлоди мавжудми? Мавжуд кадрлар салоҳиятини тубдан яхшилаш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Оилаларнинг турлари жуда кўп, жумладан, намунали, тўлиқ, нотўлиқ, ночор, номақбул, камбағал, кам таъминланган, миллатига кўра, кўп фарзандлилик даражасига кўра ва ҳоказо. Оиланинг тинчлиги ана шу оилада яшовчи катталарга, ота-она, қайнона-қайноталарга боғлиқ. Қайнона янги келинни ўз фарзандидек қабул қилса, унинг ёшлигини ҳисобга олиб, ўз тажрибасини ўргатса, камчиликларини кечирса, ёш оила мустаҳка
м бўлиб боради. Ҳозирги кунда республика олий ўқув юртларида педагогика ва психология, психология, ижтимоий иш каби йўналишларда бакалавр ва магистрлар тайёрланмоқда. Оиланинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш, замонавий, намунали оилалар сонини кўпайтириш, оилалардаги ажралишларнинг олдини олиш, оиланинг ижтимоий-психологик муҳитини яхшилаш ана шу ёш ва истиқболли кадрлар фаолиятига боғлиқ.

– “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ташкил этилгандан буён маълум муддат ўтди. Шу қисқа вақт ичида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режаларни қиёслаб қандай хулосалар чиқариш мумкин?

– Бир ойдан ортиқ ўтган муддат мобайнида марказ томонидан бир талай ишлар амалга оширилди. Республика “Оила” илмий-амалий маркази мутахассисларининг кўрсатмаларига асосланган ҳолда Низом, йўл харитаси, чора-тадбирлар режаси тузилди. Оилаларнинг таснифи таҳлил қилинди. Унга кўра ажралиш арафасида турган оилалар, ночор оилалар, номақбул оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, қисқаси, инқирозга юз тутган оилалар аниқланди. Марказнинг барча мутахассислари томонидан ана шундай оилаларнинг ҳар бир тури билан алоҳида-алоҳида фаолият олиб борилмоқда. Хотин-қизлар қўмиталари, МФЙлар мутахассислари, соғлиқни сақлаш, Ички ишлар бошқармалари, Ёшлар иттифоқи, оммавий ахборот воситалари каби ҳамкор ташкилотлар билан бирга амалга ошириладиган ишлар бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Авваллари фақатгина хотин-қизлар билан иш олиб борилган бўлса, энди “Оила” марказида барча оила аъзолари, жумладан, катталар, эркаклар, ёшлар, кексалар билан иш олиб борилади. Оилалар ўртасида ижтимоий-психологик сўровномалар ўтказишимиз, уларни чуқур таҳлил қилишимиз орқали барча муаммоларни бартараф этиш мумкин. Унутмайликки, оила илми – халқимизнинг асрий қадриятлари сарчашмасидир!

Санжарбек Ҳамидов суҳбатлашди
5 136