ЎзА Ўзбек

28.08.2018 17:28 Чоп этиш версияси

Лойиҳа қиймати 5 миллион доллар бўлган корхонага пиллани қайта ишлаш ускуналари ўрнатилди

Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги арафасида Сирдарё туманида “Агро глобал” масъулияти чекланган жамияти иш бошлади.

Корхона бўш турган бинони “ноль“ қийматда олиб тубдан қайта реконструкция қилди. Лойиҳа қиймати 5 миллион доллар бўлган корхонага хорижий инвестиция ҳисобига пиллани қайта ишлаш ускуналари олиб келиб ўрнатилди.

– Пиллани қайта ишлаб берадиган линияларнинг 2 таси ишга туширилди, – дейди жамият раҳбари Иззатулла Норматов. – Шунинг ҳисобига 100 нафар коллеж битирувчиси иш билан таъминланди. Ҳозирча, бир кунда 200 килограмм пилла қайта ишланмоқда. Келгуси йил яна 2 та линия иш бошлайди. 2021 йилга бориб ипакдан мато ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирганмиз.

Корхонада ишчи-хизматчилар учун барча шароитлар яратилган. Ювиниш, овқатланиш, тиббиёт, маънавият хоналари улар хизматида. Ходимларнинг иссиқ овқат ва махсус кийим билан таъминлангани иш унумдорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

– Бахт енгил саноат касб-ҳунар коллежини битирганман, – дейди корхона ишчиси Гулбаҳор Отақулова. – Бу ерга ишга жойлашгунча бир неча йил ишсиз юрдим. Корхонада унумли меҳнат қилиб, кўнгилдагидек ҳордиқ чиқаришимиз учун барча шароитлар яратилган.

“Агро глобал” масъулияти чекланган жамиятида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар тўлиқ ишга туширилса, 1000 та янги иш ўрни яратилади.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
2 836