ЎзА Ўзбек

15.08.2018 15:09 Чоп этиш версияси

Лондон ва Дубайда ўз бўлимларига эга Халқаро юридик компания Тошкентда

Лондон ва Дубайда ўз бўлимларига эга Халқаро юридик компания Тошкентда
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан Буюк Британиянинг "Merritz LTD" юридик компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Савдо-Саноат Палатаси Матбуот хизматини хабар беришича, меморандумни тузишдан кўзда тутилган мақсад Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж суди фаолиятини кенгайтиришга, Ўзбекистоннинг бу соҳадаги ижобий имиджини халқаро майдонда кўтаришга, низоларни ҳал қилишнинг самарали механизмини яратишга кўмаклашиш бўйича ҳамкорлик қилишдан иборат.
Таъкидлаш жоизки, Лондон ва Дубайда ўз бўлимларига эга "Merritz" Халқаро юридик компанияси яқинда ўз фаолиятини Тошкент шаҳрида ҳам бошлаган.

Компания фаолиятининг асосий йўналишлари бўлиб арбитраж ва низоларни ҳал этиш, энергетика, тоғ-кон ва инфраструктура соҳасидаги лойиҳалар, қурилиш ва кўчмас мулк, банк иши ва молия ҳисобланади.
Меморандумда жумладан тарафларнинг биргаликда халқаро тижорат арбитраж судларининг арбитрлари, жаҳондаги етакчи юридик компанияларнинг мутахассислари иштирокида конференциялар, семинарлар, тақдимотлар ўтказиши;

Халқаро тижорат арбитраж судини ривожлантириш концепцияси, регламенти ва ҳужжатларини тайёрлаши;

халқаро ташкилотлар ва бошқа донор-ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ташкил қилиши, халқаро тижорат арбитражи фаолиятига оид услубий қўлланмалар, мақолалар чоп этиши ва уларни Палата веб-сайтига жойлаштириши каби ҳамкорлик йўналишлари ўз ифодасини топган.

Ҳозирги кунда Палата томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги ПФ-5087-сон “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг 11-банди ижросини таъминлаш бўйича тасдиқланган режага асосан “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси тайёрланиб, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилинган.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг бу борадаги обрўсини кўтариш, ушбу соҳа учун етакчи мутахассисларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шунинг учун ҳам халқаро тижорат арбитражи фаолиятини ривожлантиришга қаратилган хорижий мамлакатларнинг етакчи юридик компаниялари билан ҳамкорлик шубҳасиз ўз ижобий натижаларини беради.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА
5 677