04.09.2013 13:58 Жамият

Лойиҳалар қўллаб-қувватланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда мазкур комиссия аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатни жадал ривожлантиришнинг бугунги шароитида ННТлар Президентимиз Ислом Каримовнинг қўллаб-қувватлаши натижасида демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинлиги, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлмоқда. Фуқароларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратиш, жамиятда манфаатлар тенглигини таъминлашга ёрдам бераётир. Мазкур жараёнда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда унинг маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси муҳим ўрин тутмоқда. Улар ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини такомиллаштиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, ижтимоий аҳамиятга эга дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш учун маблағ ажратмоқда.

2008-2013 йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари давлат бюджетидан давлат субсидиялари, ижтимоий буюртмалари ва грантлари шаклида 30 миллиард сўм миқдорида молиявий ёрдам олди.

Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини кўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси А.Саидовнинг қайд этишича, ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг жорий йил 10 июндан 15 июлгача бўлиб ўтган иккита танловда давлат грантларини олиш учун тақдим этилган лойиҳаларини кўриб чиқиш муҳим масалалардан бири бўлди.

Йиғилишда экологик хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ноёб турларини асраш, экологик маданиятни ошириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, бу борада давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, жамоатчилик экологик назоратини таъминлаш борасида ННТларни қўллаб-қувватлаш Парламент комиссияси ҳамда жамоат фонди фаолиятининг устувор йўналишларидан экани таъкидланди. Шу боис экология ва соғлиқни сақлаш йўналишида ўз сафида қарийб 250 ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини бирлаштирган Ўзбекистон Экологик ҳаракатига давлатимиз томонидан катта ёрдам кўрсатилмоқда.

Тадбирда давлат грантини олиш учун “Шаҳарлар, маҳаллалар ва кўчаларни ободонлаштиришни яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масалаларини ҳал этишда аҳоли ҳамда ННТлар фаоллигини ошириш” танлови якунлари бўйича 48 лойиҳани амалга оширишга 690 миллион сўм ажратишга қарор қилинди. Мазкур лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳудудларда аҳолининг тиббий ва экологик маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиш, табиатни муҳофаза қилиш ҳамда мамлакатимизни барқарор ривожлантириш масалаларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, тадбиркорлик субъектлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасида ижтимоий шерикликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Парламент комиссияси “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари маркази, Ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашувчи марказ ва бошқа ёшлар ташкилотлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратди. Бу борада касб-ҳунар коллежларини битирган йигит-қизларни ишга жойлаштиришга қаратилган қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётгани қайд этилди. Бундан ташқари, 2012 йилдан буён ёшларнинг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билимларини такомиллаштириш бўйича ННТ ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ўттиздан зиёд ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, ННТ ва фуқаролик жамияти институтларининг ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, уларни тарбиялаш ва баркамол ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиш бўйича фаолияти кўламини янада кенгайтириш лозимлиги таъкидланди. Парламент комиссияси ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан тегишли танловда иштирок этиш учун тақдим этилган 120 дан ортиқ лойиҳани кўриб чиқди. Ўрганишлар натижасида аҳамиятли деб топилган 43 лойиҳа танлаб олинди ва уларни амалга ошириш учун 600 миллион сўм ажратилди.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, Парламент комиссияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 январдаги БМТнинг Мингйиллик ривожланиш мақсадларини Ўзбекистонда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирларга оид қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирокини рағбатлантириш масаласини атрофлича ўрганиб чиқди. Зеро, бу борада Ўзбекистон тажрибасини ўрганишга жаҳон ҳамжамиятининг қизиқиши тобора ортиб бормоқда.

Мисол учун, мамлакатимизда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламлари экологик маданиятини ошириш ва бандлигини таъминлаш, уларнинг даромад манбаларини кўпайтириш, таълим сифатини янада яхшилашга кўмаклашиш, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш, қўшимча касб эгаллаши, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, экологик барқарорликка эришиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидаи фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган 359 лойиҳа амалга оширилаётир. Ушбу лойиҳаларнинг барчаси Парламент комиссияси томонидан қўллаб-қувватланди ва 2012-2013 йилларда бунинг учун 5 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди. Йиғилишда яна 101 лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун 1 миллиард 290 миллион сўм ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинди.


ЎзА, Меҳрибон Маметова



Все о погоде - Pogoda.uz