ЎзА Ўзбек

29.03.2020 Чоп этиш версияси

Лоқайдлик ва худбинлик иллати бизга қимматга тушяпти

Лоқайдлик ва худбинлик иллати бизга қимматга тушяпти

Олимларнинг қайд этишларича, XXI асрга келиб, қоронғуликда яшашга кўниккан кўршапалак нафасидан тарқалаётган коронавируснинг “конституцияси” батамом ўзгарган. 2020 йилнинг 25 январь ҳолатига коронавирусни юқтирган беморлар сони 75 815 нафарни ташкил этган бўлса 29 март ҳолатига уларнинг сони 680 мингга яқинлашди. Шунинг учун ҳам бутун дунё коронавирус пандемиясига қарши муросасиз курашга сафарбар этилди.

Ўзбекистонда ҳам одамлар соғлиги – халқимизнинг асосий бойлиги экани ҳукуматимизнинг тизимли тадбирларида ўз аксини топяпти.

Шу ўринда Президентимиз ташаббуси билан мактабгача таълим ва ўрта таълим мактаблари ёпилгани, давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимларининг 50 фоиздан ортиғи ҳақ тўланадиган таътилга чиқарилиб, қолган ишловчиларга уйларидан туриб ишлашга рухсат берилгани, 19 мартдаги фармон билан иқтисодиёт тармоқларига қўшимча имтиёзлар, кредит таътиллари берилгани, айниқса, 3600 та давлат мулкида ижара ундириш тўхтатилгани, бунда иш ўринлари яратаётган хусусий сектор алоҳида қўллаб-қувватланганини таъкидлаш жоиз.

Халқаро экспертларнинг фикрича, мамлакат раҳбариятининг узоқни кўра билиши натижасида алоҳида жамғарма тузилиб, ижтимоий ва тиббий муҳофаза кучайтирилгани айрим давлатларга қараганда вирусни кенгроқ жиловлаш имкониятини яратган.

Бир сўз билан айтганда Президент фармонлари, реал ҳолат очиқ-ойдин таҳлил этилаётган йиғилишларда қабул қилинаётган қарорлар минг-минглаб юртдошларимизнинг хавфсизлиги, соғ-саломатликларини таъминлашга хизмат қиляпти. Аммо 200 дан ортиқ давлатга тарқалган вируснинг олдини олишга доир тавсиялар, мутахассислар маслаҳатига тўла амал қилмаётганимиз оқибатида ушбу касалликка чалинганлар сони ошиб боряпти. Ўзбекчилик, андиша ва уят сингари қимматга тушаётган “қадрият”ларимиз оқибатида эса ўлим ҳолати ҳам қайд этилди.

Маълумотларга қараганда, айни пайтда 15,5 мингга яқин юртдошимиз шифокорлар назоратида сақланмоқда. 50 176 нафар киши эса ўз уйларида кузатув остидалар. Ушбу рақамлар ҳар биримизни ўйлантириш ва тўғри хулоса чиқаришга ундаши лозим. Тасаввур қилинг: Президентимиз ушбу иллатни олдини олишга доир бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилиб, халқни бирдамликка чорлаётган бир пайтда айрим юртдошларимиз турли тантаналардан тийилмаяптилар. Давлат раҳбари 30 мингта экспресс тест, 500 та сунъий нафас олдириш аппаратлари сотиб олиш бўйича топшириқ беряпти, айни шу пайтда бир тоифа фуқароларимиз Тошкент кўчаларида сайр қилиб юришни ўзларига эп кўрмоқдалар.

Гарчи вирус тарқалишини олдини олиш борасида жавобгарлик кучайтирилган бўлса-да, бир кунда 10 минг фуқаро белгиланган тартиб-қоидаларни бузмоқда. Юртимизнинг таниқли олимлари, санъат аҳли, сиёсатшунослар, обрў эътиборли инсонлар соҳа мутахассислари томонидан қўйилаётган талабларга қулоқ осмаслик худбинлик ва кўрликдан бошқа нарса эмаслигини бежиз таъкидламаяптилар. Куни кеча юртбошимиз тиббиёт ходимлари ҳақида гапириб уларни “Жанг майдони”да ўз ҳаётини гаровга қўяётганлар деб атадилар.

Тўғри, Ўзбекистон кучли ва барқарор мамлакат сифатида ҳар қандай хавфни бартараф этишга қодир. Аммо кўпчилик юртдошларимиз томонидан хиёнатга тенглаштирилаётган худбинлик, лоқайдлик иллати, айниқса, бугун қимматга тушаётганини унутмайлик.

Миродил Абдураҳмонов,
“Миллий тикланиш”демократик партияси
Марказий Кенгаш раиси ўринбосари

1 413
ЎзA