Лимонсеварлар мевани дарахтдан узиб, истеъмол қилади
Ҳар тупдан 60-70, айрим ҳолларда 80-90 килограммгача мева олиш мумкин.
Лимон меваси анча чидамли, харидоргир ва экспортбоп. Ноябрь ойида узилган лимонларни уй шароитида март, ҳатто, апрель ойининг бошларига қадар сақлаш мумкин. Бизнинг тупроқда етиштирилган лимонларчи? Серсув ва мазали. Ҳар тупдан 60-70, айрим ҳолларда 80-90 килограммгача мева олиш мумкин.
Томорқадан даромад олишнинг нисбатан фойдали ва арзон усули лимонзор барпо этиш эканини кўпчилик қайд этилмоқда. Бундай талабни ҳисобга олган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши жамоаси ҳам янги лойиҳаларга қўл урмоқда.
Ана шундай лойиҳалардан бири Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида амалиётига татбиқ этилади. Айни вақтда 161 минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган туманда 40 мингдан ортиқ ер эгалари бир минг бир юз гектардан ортиқ майдонда деҳқончилик қилмоқда. Шу боис бу ерда сабзавот ва лимон етиштириш ҳамда кўчатчилик маркази ташкил этилади.
- Ўтган йили 702 хонадонда лимон етиштирилиб, 35 миллиард даромад олинди, - дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Илёс Еткинов. - Мисол учун,Найзатепа маҳалласида яшовчи Жўрабек Боқиев етти сотих иссиқхонада ўтган йили 4 тонна лимон етиштириб, 43 миллион даромад олган.
Энди ана шундай даромад олувчи оилаларни сонини янада ошириш мақсадида туманда лимончилик ривожлантирилади. Бунинг учун аҳолига 650 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилади. Кўчатлар парваришида хатога йўл қўймаслик учун лимон етиштиришда тажриба тўплаган устозлар кўмагида устоз-шогирд анъанаси йўлга қўйилади. Лимонни қайта ишлаш корхоналари, совуткичлар ҳам қурилади.
Агарда тажриба яхши самара берса, вилоятдаги 14 туманда ҳам кенг оммалаштириш мўлжалланмоқда. Бунда туманларнинг тупроқ – иқлими албатта, ҳисобга олинади.
Қайд этиш керакки, ана шундай лимонзорлар ташкил этилган қишлоқларда келгусида агротуризмни ривожлантириш мақсадида меҳмон уйлар барпо этиш ҳам режалаштирилган. Албатта, лимонсеварлар учун пишиқчилик вақтида мевани ўз қўли билан узиш, далада кесиб истеъмол қилиш завқли.