ЎзА Ўзбек

26.07.2018 09:29 Чоп этиш версияси

Лидерлар ҳамиша ўзларига ишонишади

Лидерлар ҳамиша ўзларига ишонишади
ХХ аср том маънода озодлик, мустақиллик асри бўлди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин кўплаб давлатларнинг мустақилликка эришиши ва ундан кейинги даврдаги тараққиёт ва истиқлол йўли бевосита миллат лидерларига боғлиқ бўлиб қолди. Бу жараён ўтган асрнинг 60-йилларида Африка қитъасида ва 90-йилларида постсовет мамлакатларида яққол кўзга ташланди.

Африканинг деярли барча мамлакатларида қуролли ғалаён ва исёнлар, давлат тўнтаришлари юз бериб, бу жараён “занжир реакцияси” каби ҳамон давом этаётган бўлса, доно йўлбошчиларга эга давлатлар тинч тараққиёт йўлини танлаб, буюк келажак яратиш йўлида бир қатор ютуқларга эришди. 

Бунда сўзсиз ўша давлат лидерининг узоқни кўзлаб олиб борган сиёсати катта аҳамият касб этади. Тарихий лидерларнинг айби билан қонлар дарё бўлиб оққанига ҳам, мамлакатларнинг гуллаб-яшнаганига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Кимдир бунёдкорлик ишларини амалга оширган бўлса, кимдир юртга вайронагарчиликларни келтирди.

Лидер бўлиш учун хоҳишнинг ўзи етарли эмас. Лидер қалбан ва жисмонан мард бўлиши керак. Улар фикрлар қамровининг кенглиги билан ажралиб туришади. Лидер бировларни ўзига бўйсундиришга эмас, балки ортидан эргаштириш қобилиятига эга бўлиши керак. Агар унинг хатти-ҳаракати яхшиликка йўналтирилган бўлса, ортидан одамларнинг эргашиши турган гап. Лидер ўз режалари ҳақида сафсата сотмайди. Балки уларни амалга оширади. 

Тарихдан маълумки, сўз ва иш бирлигига амалга қилганларгина лидер бўла олади. Лидер атрофдагиларга ўз билими ва ахлоқий қадриятларини тақдим қилади. 

Масалан, Германия канцлери Гельмут Коль немис халқи миллий бирлигини қайта тиклаган арбоб сифатида тарихга кирди.

Махатма Ганди – Мохандас Карамчанд Ганди оқилона олиб борган сиёсати туфайли Ҳиндистон гуллаб-яшнади ва жаҳонда муносиб ўрнини топди. Буюк ишлари туфайли Махатма Ганди сайёрамизнинг нуфузли сиёсатчиларидан бири сифатида тан олинади. 

Машҳур ҳинд ёзувчиси, Нобел мукофоти совриндори Рабиндранат Тагор 1915 йилда илк бор Гандини “Махатма” (“Буюк қалб соҳиби”) деб атаган эди. Бироқ, Гандининг ўзи бу шарафга муносиб эмаслигини таъкидлаб келган. Орадан йиллар ўтиб, буюк қалб соҳиби миллатни бирлаштирувчи куч сифатида мамлакат мустақиллиги учун курашнинг олдинги сафларида борди. М. Ганди Ҳиндистон Конституцияси лойиҳаси устида мунтазам иш олиб борди. У радикал кўз-қарашдаги газета муҳаррири Натхурам Годзе томонидан отиб ўлдирилди. М. Ганди ўлими олдидан қотилни кечиришларини сўради. Бироқ, тергов давомида қотиллик бир киши томонидан эмас, балки бир гуруҳ фитначилар томонидан уюштирилгани аниқланди. Икки киши, жумладан, Натхурама Годзе ўлим жазосига ҳукм қилинди. Улар 1949 йилнинг 15 ноябрь куни осиб ўлдирилди. Қолганлари узоқ муддат қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

27 йил қамоқда ўтириб, 1990 йилнинг 11 февралида озодликка чиққан ва 1994 йилда Жанубий Африка Республикаси президенти этиб сайланган Нельсон Мандела ҳам тарихда буюк етакчи сифатида талқин этилади. Мандела 1964 йилнинг июнь ойида ҳибсга олиниб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Жаҳонинг турли мамлакатларида унинг озод этилишини талаб қилган ҳаракатлар пайдо бўлди. 

У 18 йил Роббон (1964-1982) оролидаги қамоқхонада ўтирганидан сўнг, 1982 йилда Кейптаун қамоқхонасига ўтказилди. Олти йилдан сўнг, сил касалига чалингани боис касалхонага ётқизилди. 

1985 йилда ЖАР президенти Питрер Бота унга мурожаат қилиб, сиёсий курашдан воз кечгудек бўлса, озодликка чиқаришга ваъда беради. Аммо Нельсон Мандела бу таклифни рад қилди. 

У 1990 йилда озод қилинади ва курашни давом эттиради. 1993 йилда Нельсон Мандела ва ЖАР президенти Фредерик де Клерк апартеидга барҳам берганлари учун Тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлишади. 1994 йилда Жанубий Африкада илк бор умуммиллий сайловлар ўтказилади. Сайловлар натижаси ўлароқ Нельсон Мандела мамлакатнинг биринчи қора танли президенти этиб сайланди. 

Унинг бевосита раҳбарлигида 1996 йилда ЖАРнинг янги Конституцияси ишлаб чиқилади ва қабул қилинади. Кўриниб турганидек, ҳақиқий лидерлар бошқаларнинг танлови асосида етакчиликни қўлга киритишади. 

Одамлар кучли лидерни ўзлари танлашади. Лидерлар ўз атрофига сиёсатнинг муҳим муаммолари бўйича экспертлардан иборат “ақл марказлари”ни жамлайди. Бу марказлар ўз навбатида муҳим масалалар бўйича қарор қабул қилишда самара бериши исботланган. Лидер у ёки бу масала бўйича мағлуб бўлиши ёки зафар қозониш мақсадида таваккал қилишдан қўрқмаслиги керак. Чунки сиёсат кутилмаган воқеалар занжиридир. Шу сабабли ҳам лидер ҳамма нарсага тайёр турмоғи лозим. Сиёсий лидерлар жамият тараққиётининг инқирозли даврида юзага чиқади. Улар сиёсий ва иқтисодий дастурлари билан саҳнага чиқиб, жамиятнинг қийинчиликлардан чиқиб кетишига ҳисса қўшадилар.

Ўтган асрнинг 50-йилларида Францияни инқирозлар қамраб олди. 1954 йилда Ҳинди-хитойда юз берган миллий озодлик ҳаракатлари туфайли Франция мағлубликни тан олди. 

Жазоир ва Шимолий Африканинг бошқа мамлакатларида исёнлар юзага келди. Франциянинг ўзида иқтисодий юксалиш кузатилаётганига қарамай, аҳоли миллий валюта – франкнинг қадрсизланишидан азият чекарди. Шу муносабат билан мамлакатни норозилик тўлқини қамраб олди. 

Ҳукумат бирин-кетин ўзгаришига қарамай, вазият ўзгармай қолди. 1957 йилда вазият яхши томонга ўзгара бошлади. Бироқ жамиятда ўнг ва сўл экстремист руҳдаги ҳаракатлар пайдо бўла бошлади. 1958 йилнинг 16 май куни мамлакат раҳбарияти Шарль де Голлга мурожаат қилиб, бош вазир лавозимини эгаллашга даъват қилди. Ўша йилнинг декабрь ойида де Голль катта ваколатларга эга бўлган Франция президенти этиб сайланди. 

У аввалги президентлардан фарқли ўлароқ фавқулодда вазиятларда парламентни тарқатиб юбориши ва муддатдан илгари сайловларни ўтказиш имкониятларига эга бўлди. Шунингдек, у мудофаа, ташқи сиёсатни назорат қилишни ўз қўлига олди.

Ички масалалар ҳам бевосита президент ваколатларига киритилди. Шу тариқа мамлакатда фуқаролар урушининг олди олинди.

Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, президент маъмурияти ва ҳукуматда сиёсатчилар ўрнини иқтисодчилар, ҳуқуқшунослар, менежерлар эгаллашди. 

Франциянинг янги Конституцияси лойиҳасига бағишлаб ўтказилган референдумда сайловчиларнинг 80 фоизи мамлакатнинг асосий Қонунини қўллаб овоз берди. Конституцияда президент бошқарув тузуми жорий этилиши белгилаб қўйилган эди. Ижроия ҳокимият кучайгани боис парламентнинг қонун чиқарувчилик ҳуқуқлари чеклаб қўйилди. Парламент бир йилда 2 та сессия ўтказиши керак эди. 

Депутатлар кузги (октябрь-декабрь) сессиясида бюджет масаласини муҳокама қиладиган бўлса, баҳорги (апрель-июнь) сессияда қонун чиқариш фаолияти билан шуғулланишарди. 

Кун тартиби ҳукумат томонидан белгиланарди. 

1958 йилнинг декабрида бўлиб ўтган президентлик сайловининг иккинчи босқичида Де Голль ғалаба қозониб, Бешинчи Республиканинг етти йил муддатга умумхалқ томонидан сайланган биринчи президенти бўлди. Де Голлнинг обрўси кун сайин ошиб борди. Инқирозларни бартараф этиш билан бир қаторда у иқтисодий ва ташқи сиёсат масалаларига ҳам бош-қош бўлди ва бу борада муваффақиятларга эришди. Президент муаммоларни эмас, атиги битта муаммони бартараф этишни ўйларди. У ҳам бўлса, қандай қилиб Францияни буюк давлатга айлантириш масаласи эди. Маълумки, айни шу муаммо бартараф этилиши билан бошқа муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўларди.

Лидерлар ҳамиша ўзларига ишонишади. Жамият ва ижтимоий тузумда лидерликнинг ролини яхши англаган АҚШ, Япония ва Европанинг қатор давлатларида болалик ва ўсмирликдан бошлаб сиёсий арбоблар тайёрлашга аҳамият қаратилади. Бунинг учун махсус мактаб ва университетлар ташкил этилган. Энг яхши мактаб сифатида лидерларнинг жамоатчилик ишларида ва сиёсий партияларда фаолият юритиши деб кўрилади. 

Шу ўринда “Америка қайта қуриш”ининг отаси Франклин Рузвельтни мисол сифатида кўрсатиш мумкин. Айнан унинг саъй-ҳаракатлари билан мамлакат оғир иқтисодий вазиятдан чиқиб кетишга муваффақ бўлди. 

Шуни таъкидлаш керакки, Ф. Рузвельт ўзининг самарали сиёсий фаолияти туфайли тўрт марта АҚШ президенти этиб сайланган. У АҚШ тарихида ўз лавозимига тўрт марта сайланган ягона президентдир. АҚШдаги “Янги курс” иқтисодий ислоҳотлари, фашизмга қарши кураш каолициясини тузиш, иккинчи жаҳон урушидан кейинги дунёдаги ўзгаришлар ва БМТнинг ташкил этилишига оид ғоялар унинг номи билан бевосита боғлиқ. Замонавий тарихчилар бир овоздан уни ХХ асрнинг энг машҳур сиёсатчиларидан бири эканлигини таъкидлашади.

Франклин Делано Рузвельт замонавий Америка президентлик институтининг асосчиси сифатида кўрилади. Чунки айнан унинг президентлиги даврида Вашингтондаги федерал ҳукумат мамлакатдаги иқтисодий жараёнларни бошқара бошлади. Рузвельтнинг энг катта хизматларидан бири – у АҚШда биринчилардан бўлиб фашизмнинг инсониятга бўладиган хавфини сезди.

АҚШнинг бирорта ҳам президентига Рузвельтчалик оғир мерос қолмаган эди. У ўзининг биринчи иш кунини фавқулодда чоралар кўриш билан бошлади. Ҳокимиятга келган Ф. Рузвельт мамлакатни инқироздан олиб чиқишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. У эълон қилган “янги курс”да банклар фаолияти рағбатлантирилди, янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилди. Аҳолини тинчлантириш ва келажакка ишонч уйғотиш мақсадида Ф. Рузвельт радио орқали кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борди. 

Ф.Рузвельт ўз ниятига эришди. АҚШда иқтисодий инқироз бартараф этилди. 1940 йилги сайловлар арафасида Демократик партиянинг Чикагода бўлиб ўтган съездида бир овоздан Рузвельтнинг номзоди учинчи муддатга кўрсатилади. Зал “Америка Рузвельтни хоҳлайди”, “Ҳамма Рузвельт учун” деб қичқирди. 1944 йилда Рузвельт тўртинчи муддатга ўз номзодини президентликка кўрсатишга рози бўлади. У оғир дамларда мамлакатни тақдир ҳукмига ташлаб қўйишни истамади. Франклин Делано Рузвельт 1945 йилнинг 12 апрель куни вафот этди. Оқ уйда бўлиб ўтган мотом тадбирида унинг “Биз қўрқувдан бошқа ҳеч нарсадан қўрқишимиз керак эмас” деган сўзлари такрорланди.

Тарихий лидернинг роли жуда ҳам буюкдир. Лидер (инглизча leader сўзи етакчи, раҳбар маъносини англатади.) — қайсидир ижтимоий гуруҳ, сиёсий партия, ташкилот, жамият раҳбаридир. 

Лидер – ўз ортидан одамларни эргаштира оладиган сиёсатчилардир. Олимларнинг фикрича, лидерлик ўзини-ўзи (биринчи навбатда ҳиссиёти ва ақлини) назорат қилишдан бошланади. Чунки инсонларнинг ўй-хаёли ва ҳиссиётлари уларнинг келажагини белгилайди. 

“Одамларни ортингиздан эргаштиришдан аввал сиз ҳар куни кўзгуда кўрадиган инсонни эргаштиришни ўрганишингиз лозим. Чунки у ҳам лидерликка интилади. Лидерликнинг биринчи ва энг муҳим босқичи ҳам кўзгуда кўриниб турган инсон, яъни ўзингизни ортингиздан эргаштира олишдадир”, дейишади руҳшунослар.

Шарофиддин Тўлаганов

ЎзА
7 632