ЎзА Ўзбек

10.09.2018 18:12 Чоп этиш версияси

Ли Ци хоним Шанхай аёллар федерацияси фаолияти ҳақида гапириб берди

Ли Ци хоним Шанхай аёллар федерацияси фаолияти ҳақида гапириб берди
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида Танзила Норбоева иштирокида Шанхай аёллар федерацияси вице-президенти Ли Ци хоним билан учрашув бўлиб ўтди. 

Вице-президент Ли Ци хоним uza.uz мухбирига Шанхай аёллар федерациясининг асосий вазифалари ҳақида қисқача интервью берди. 

Ли Ци хонимнинг айтишича, бугунги кунда Шанхай аёллар федерациясининг асосий мақсади Хитой қонунчилигига асосланган ҳолда аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш ва уларнинг эркин таълим олиш, ишлаш ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат. Федерация аёллар саломатлиги, репродуктивлиги бўйича ҳам доимий равишда тадқиқотлар олиб боради.

Шунингдек, Шанхай аёллар федерацияси айни дамда аёлларнинг уйдаги вазифаларини ҳисобга олган ҳолда иш жойидаги ишлаш соатини камайтириб, маош миқдорини юқорилигини таъминлаш бўйича ислоҳотлар олиб бормоқда. Иқтисодий соҳада федерация ўз ҳисобидан ҳар йили бир нечта Хитой аёлларига дунёнинг ривожланган давлатлари бўйлаб саёҳат уюштириб, у ердаги бозорни, инвестиция киритиш имкониятларини ўрганиш ва тажриба алмашиш учун имконият яратиб беради.

Ли Ци хоним Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорлик меморандуми имзонлангач, Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари нафақат сиёсий-иқтисодий масалаларда балки, оила, турмуш, аёллар фаоллигини юксалтириш бўйича ҳам ҳамкорликлар амалга ошишига умид билдирди. Шунингдек, у ўзбекистонлик аёлларни: “Шанхай йирик ривожланган иқтисодий салоҳиятли шаҳар, унга албатта саёҳат қилинг”, дея таклиф қилди.

ЎзА
2 894