ЎзА Ўзбек

23.08.2018 11:58 Чоп этиш версияси

Латифалар қадриятларимизни ғарб(ғариб)лаштирмоқда...ми?

Бундан бир неча йил аввал газеталардан бирида қайнона-куёв тўғрисида яхши мақола эълон қилинди. Унда аждодларимиз "куёвни пайғамбарлар сийлаган" дейишгани, аммо биз хориждан суқилиб кираётган нотабиий латифалар туфайли қадриятларимизни ғарбча қураётганимиз қаламга олинади.

Дарҳақиқат, журналист жуда яхши муаммони кўтариб чиққан. Чунки, яқин-яқингача ўзбекларда қайнона-куёв муаммолари ҳеч қачон кузатилмаган эди. Тан олиб айтиш керакки, қайнона-келин муаммоси бор бўлиб, аммо куёв билан қайнона "сан-ман"га боргани ҳақида маълумотларни бирор жойда ўқимаган эдик. “Ўтган кунлар”ни оласизми ёки бошқа ҳар қандай бадиий асарни ўқиб кўрсангиз, бу муаммога асло дуч келмайсиз. Чунки, таъкидлаб ўтилганидек, куёвни пайғамбарлар сийлагани учун ҳам уни тўрга олиб чиқиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.

Сўнгги вақтларда қизиқчиларимиз хориж латифаларини билиб-билмаган ҳолда томошабинлар ҳукмига ҳавола қилишлари натижасида менталитетимизда, тўғрироғи онгсиз ёшлар зеҳнида қайнонага ҳурматсизлик пайдо бўлаётгандек туюлмоқда. Ҳатто икки йигит ўзаро учрашиб қолгудек бўлса, қайнонасини назарда тутиб “душман томонга бир ўтиб келай” дейишгача бормоқда. Бу билан гўё ўзини хотин томонга бўйин эгмаслигини кўрсатиб қўймоқчидек бўлади. Буларнинг ҳаммаси хориж латифаларининг оқибатларидир. Бошқача таърифлашнинг асло иложи йўқ. Бу жараён яқин орада барҳам топишига ҳам ишониш қийин. “Натижаси қандай бўлади“, деган савол туғилиши мумкин. Натижа ҳеч қачон ижобий якунланмайди. Яъни “сих ҳам куяди, кабоб ҳам“. Шарқдаги қайнона-келин муаммоси, ғарбдаги қайнона-куёв муаммоси билан қоришиб кетади ва бунинг оқибатида қайнона образи худди аждарҳо каби салбий талқин қилинади.

Яна бир бор таъкидлаймиз, қайнона-куёв муаммоси ғарб муаммосидир. Бунга куёвнинг келин уйида ичкуёв бўлиб яшаши сабаб бўлган. Мана шу муаммо зўрма-зўраки шарқ зеҳниятига кириб бораётгани ташвишли ҳолатдир. Шу сабабли нафақат журналистлар, балки зиёлилар оёққа туриши керак. Қизиқчиларимиз ҳам нафақат катта саҳнада, ҳатто тор доирада ҳам бу каби латифаларни айтишни тўхтатиши керак. Бу борада улар ақлларини ўз вақтида йиғиштириб олиши лозим бўлади. Қайноналар ҳақидаги бўлмағур латифаларни ўқиётган ёки эшитаётган ёшлар келажакда қайнона ҳақида албатта салбий фикрга келади. Улар латифаларни ҳаётий ҳодиса, деб ўйлаши шубҳасиз. Тўқилаётган ёки таржима қилинаётган латифалар ёшлар маънавиятига, оналаримизни қадрлашга бўлган қарашларимизга путур етказиши керак эмас. Ҳаётда қизига тўғри йўл кўрсатиш ўрнига уларни йўлдан урадиганлар, яъни куёв билан қизи ўртасига ўзи билмаган ҳолда рахна соладиганлар ҳам баъзида учраб туради. Бу каби қайноналар мингдан битта бўлиши мумкин. Лекин бу дегани қайнона, яъни она деган буюк зот ҳақида латифа тўқилишига сабаб бўлиши керак, деган маънони англатмайди.

Ўша қизиқчиларимиз латифаларини қайноналарига айтиб беришадиган бўлса балки уялишмас. Лекин виждонлари қийналса керак. Ўзбек қайноналари куёвларини қайнотадан кўра кўпроқ ҳурмат қилиб, меҳмонга келса “айланиб ўргилиши” ҳеч кимга сир эмас. Халқимиз қизининг бахтини ўйлайди. Ҳатто қизи тушган маҳалла итини ҳам “сизлаш керак” деган гапнинг келиб чиқиши ҳам бекорга эмас.

Бизнинг бу фикрларимиз билан танишиб бўлганингиздан кейин қизиқчиларимизнинг қайноналар ҳақидаги латифаларини эслаб кўринг. Юзингизга табассум югуриш ва югурмаслигига қараб ўзингиз қайнона-куёв муаммосига баҳо бераверинг.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
5 699