ЎзА Ўзбек

14.08.2018 17:28 Чоп этиш версияси

“Кварц” акциядорлик жамияти ўтган йил 2,5 миллион АҚШ доллари миқдорида валютани иқтисод қилишга эришди

“Кварц” акциядорлик жамияти ўтган йил 2,5 миллион АҚШ доллари миқдорида валютани иқтисод қилишга эришди
“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти таркибидаги “Кварц” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар харидоргирлиги билан ажралиб туради.

Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида жойлашган мазкур жамият мамлакатимизда ойна ишлаб чиқариш бўйича энг йирик корхона ҳисобланади. Айни кунда бу ерда 7 хил рангдаги (2,0 мм.дан 8,0 мм.гача бўлган қалинликдаги силлиқланган) қурилиш ойнаси, шу жумладан, автомобиль ойналари ва саноат учун турли ойна маҳсулотлари, (20 хил турдаги 150 см3 дан 3000 см3 ҳажмдаги) шиша банкалари, 160 хил турдаги (200 см3 дан 1750 см3 ҳажмдаги) шиша бутилкалари ҳамда корхона эҳтиёжи учун 8 турдаги ўтга чидамли “Шамот”, “Динас” маркали ғишт маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

«ICO-9001-2015» сертификатига эга бўлган ушбу корхонада ўтган йилги натижалар янада самарали бўлганини кузатишимиз мумкин. Хусусан, бутилка ишлаб чиқариш 104,5 миллион донани ёки 109,6 фоиз, силлиқланган ойна ишлаб чиқариш 7 миллион 299 минг м2 ёки 103,3 фоизни ташкил этди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, шиша маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун талаб қилинадиган хом ашё юз фоиз Ўзбекистон ҳудудидан сотиб олинмоқда. Бунинг натижасида корхона импорт ҳажмини йилдан-йилга камайтиришга эришмоқда.

– Корхонамиз нафақат сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга, балки маҳаллий хом ашёдан фойдаланишда илмий изланишлар олиб боришга ҳам эътибор қаратмоқда, – деди “Кварц” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Акмал Пўлатов – Бунда маҳаллийлаштириш дастурининг ижросини таъминлаш бўйича импорт ҳажмини камайтириш орқали маҳсулот таннархини пасайтириш ва валюта маблағларини иқтисод қилишга эришилмоқда. Масалан, корхона мутахассислари томонидан Навоий вилоятининг Томди туманидаги “Жерой” қум конидаги кварц қуми ўрганилиб, унинг таркибига зарурий қўшимчаларни қўшиш борасида тажриба ўтказилди. Олинган тажриба натижасига кўра, маҳсулот сифатига путур етказмаган ҳолда маҳаллий хом ашёдан 100 фоиз фойдаланиш йўлга қўйилди. Бундай ўрганишлар самарасида корхона йилига 2,5 миллион АҚШ доллари миқдорида валютани иқтисод қилишга эришди.

Ишнинг унуми эътибор ва ҳамжиҳатликка боғлиқ. Корхонада раҳбарият ва ходимлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишга бўлган масъулият барчага ўрнак бўладиган даражада ташкил этилган. 19 миллатга мансуб 2 минг 316 нафар ишчи ва ходим меҳнат қиладиган ушбу корхона шарт-шароитларидан кўнгил тўлади. Ишчилар бепул иссик овқат билан таъминланган. Уларнинг ишга бориб-келиши учун бепул транспорт хизмати ташкил этилган.

Корхона ўзининг 60 ўринли даволаш-соғломлаштириш марказига эга бўлиб, бу ерда ишчи-ходимлар ва жамиятнинг пенсияга чиққан собиқ ишчилари бепул тиббий муолажа олиши мумкин. Қувасой шаҳридаги “Ниҳол” ва Фарғона шаҳридаги “Хумо” оромгоҳлари “Кварц” акциядорлик жамиятида ишлаётган ишчи ва ходимларнинг фарзандлари хизматида. Ишчи-ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги таъминлаш бўйича ишлар ҳам яхши йўлга қўйилган.

– Ишлаб чиқаришни жадал ривожлантириш, маҳсулот сифатини ҳозирги талабларга мослаштириш ҳамда ҳамкор корхоналар билан алоқани мустаҳкамлашда эришилган ютуқлар халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилди – деди корхонанинг халқаро алоқалар билан ишлаш бўйича мутахассиси Мансуржон Нажмутдинов – Жумладан, 2017 йилнинг апрель ойида юқори халқаро сифат стандартларини жорий этиш, юксак кўрсаткичларга эришаётган корхоналар фаолиятини таҳлил ва мониторинг қилиш билан шуғулланадиган “International star for leadership in quality” халқаро бизнес ташаббуслар дирекцияси томонидан Франция пойтахти Парижда ташкил этилган тадбирда “Кварц” акциядорлик жамиятининг фаолиятига юксак баҳо берилиб, у “International star for Leadership in quality” мукофот – кубоги билан тақдирланди. Қувасойликлар Марказий Осиё корхоналари орасида бу юксак мукофотга эришган ягона жамоага айланди. Шунингдек, 2017 йил 26 майда Мустақил ҳамдўстлик мамлакатлари давлатларининг энг илғор корхоналари орасида Россия Федерацияси Савдо-саноат палатаси, “Ишбилармон Россия” Умумроссия жамоат ташкилоти томонидан Москва шаҳрида ўтказилган танловда “Кварц” акциядорлик жамияти “Халқаро сифат стандарти” лауреати дипломи билан тақдирланди.

Айни кунда корхонада янги қувватларни ташкил этиш, маҳсулот турини кўпайтириш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан тасдиқланган амалий ҳаракатлар режаси (“Йўл харита”лари) ижроси доирасида корхонада суткасига 400 тонна силлиқланган қурилиш ойнаси ишлаб чиқариш қувватга эга бўлган цехни қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича тайёргарлик ишлар амалга оширилди. Янги цехни табиий газ билан таъминлаш мақсадида 7,5 километр узунликда газ қувури монтаж қилинди.

Шиша идишлар ишлаб чиқариш цехига Италиянинг “Ботерро” ва “БДФ” компанияларининг янги замонавий ускуналари ўрнатилиши натижасида ишлаб чиқариш ҳажми, тури ва сифатини ошириш ҳамда шиша ишлаб чиқаришда сарф этиладиган хом ашёни иқтисод қилиш имконияти яратилди.

Шу билан бирга, қоп ишлаб чиқариш цехининг ишга туширилиши қўшимча 33 та янги иш ўрнини, металлни қайта ишлаш цехига Италиядан янги Т-10 русумидаги қолипларни тозаловчи “Дробеструй” дастгоҳи, хом ашё тайёрлаш бўлимига Украина давлатидан 3 дона магнит сепаратор ва ойнага ишлов бериш цехига Испаниядан янги турдаги, замонавий ойнага керамик бўёқлар ёрдамида рангли ишлов бериш дастгоҳи ўрнатилиши корхонанинг ўтган йилда эришган ютуқларидир.

Корхона ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифатини ошириш ва энергия ресурсларини тежаш ва доимий назорат қилиб бориш бўйича “ИСО-50001” ва “ИСО-9001:2015” халқаро мувофиқлик сертификатига эга бўлди. Шунингдек, корхона “Тошкент” Республика фонд биржасида бирламчи оммавий таклиф этиш IPO ўтказиш йўли билан биринчи бор ўз акцияларини сотувга чиқаришга эришгани янада эътиборга лойиқ.

– Корхона ишчи-ходимларини уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида Қувасой шаҳрида 5 қаватли, 40 хонадан иборат замонавий уй-жой қуриш ишлари бошланди – дейди корхонанинг капитал қурилиш бўлими бошлиғи Санжар Каримов – Бундан ташқари, “Қолипли нон”, “Макарон”, “Полиэтилен пленка”, “Ўров қоғози” ишлаб чиқариш ва тикувчилик цехларини ишга туширилиши натижасида 81 нафар касб-ҳунар коллежлари битирувчиси иш билан таъминланди. Давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ, Пакана қишлоғида зотли отларни парваришлаш ва кўпайтиришга ихтисослашган, замонавий от комплекси барпо этилди. Албатта, бундай янги имкониятлар фуқароларимиз турмуш-тарзининг янада яхшиланишига хизмат қилади. 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА.
5 247