Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

08.08.2018 11:35 Чоп этиш версияси

Кузатувларда 10 249 нафар турист қатнашди

Кузатувларда 10 249 нафар турист қатнашди

Давлат статистика қўмитаси туристларнинг ўртача харажатларини қайта кўриб чиқиш учун танланма сўровномалар ўтказди.

Давлат статистика қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда, республика бўйича туризм хизматлари экспортининг асосини ташкил қилувчи ўртача битта турист харажатларини қайта кўриб чиқиш учун 2018 йилнинг 4-30 июнь кунлари “Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти”да, Тошкент марказий темир йўл вокзалида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларининг асосий чегара божхона постларида танланма кузатувлари ташкил этилди.

Кузатув даврида жами 10 249 нафар ташриф буюрувчидан сўров ўтказилди. Шулардан 5 754 нафарини хориж фуқаролари (экспорт хизматлари) ҳамда 4 495 нафарини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (импорт хизматлари) ташкил этди. Кузатув натижаларини умумлаштириш, туризм хизматлари экспортининг ҳақиқий миқдорини ҳисоблаш мақсадида, хорижий туристлар ташриф буюрган мамлакатларни инобатга олган ҳолда қўшни мамлакатлар, МДҲ ва узоқ хорижий давлатлар бўйича дифференцияланган бир ташриф буюрувчининг ўртача харажатлар кўрсаткичлари шакллантирилди.

Туризм хизматлари импортини аниқлаш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан чет эл мамлакатларида қилинган ўртача харажатлари ҳам ҳисобланди.

Кузатув давомида олинган натижалар асосида 2017 йил ва 2018 йил январь ойидан туризм хизматлари экспорт-импорт кўрсаткичлари қайта ҳисоблаб чиқилди ва кейинги даврлар учун экспорт-импорт хизматлари ҳажмларини шакллантиришда ушбу кўрсаткичлардан фойдаланиш жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Ахборот хизмати

ЎзА