ЎзА Ўзбек

25.03.2019 Чоп этиш версияси

Кушон давлати ва “Боғи Фируза”ни ўрганган олим ким эди?

Кушон давлати ва “Боғи Фируза”ни ўрганган олим ким эди?
“1908-1909 йилларда мен В.Л.Вяткиннинг шаҳар ташқарисидаги XV асрда Улуғбек қурдирган обсерваторияда олиб борган қазиш ишларига бориб турардим.

Ўшандаёқ қазув ишлари мени ўзига ром этиб қўйди. Биз ўзгача бир ҳислар билан илон изи йўллар бўйлаб, нотекис кавлаб ташланган ва ивирсиб ётган чуқурлар оралаб юрардик.

Пишиқғиштдан терилган зиналардан тушиб, у ерда ёйсимон, сирти мармар плиталар билан қопланган икки тўсиқдан иборат улкан астрономик асбобни кўриш мумкин эди.

У ердаги баъзилари қора рангда бўлган кошин ғиштчалар уюми, сирланган, гулдор сопол бўлаклари эсимда қолган.

Обсерватория тепалигини тўлалигича қамраб олган, бир неча жойи қазиб очилган айлана деворни ҳам кўриш мумкин эди.

В.Л. Вяткин бу ишларни шошилмасдан тушунтириб ўтар экан, унинг ҳикояларидан ёрқин бир эпизод хотирамда муҳрланиб қолган.

Унинг айтишича, иш бошланишидан олдинроқ маҳаллий аёллар обсерватория ўрнини қазишга йўл бермаганлар. Уларнинг фикрича, бу ер муқаддас “Чилдухтарон” бўлиб, гўё афсонавий Қирқ қиз кўмилган. Далил сифатида улар марҳумлар хотирасига ёқиладиган шам, чироғдон қўйилган ғиштли супани кўрсатишган. Бироқ, кўп ўтмай, қазишма ишлари бу ерда қизларнинг қабри бўлмаганини исботлади”.

photo5215685547438222519.jpg

Бу – ёшлигидан фанга меҳр, олимларга ихлос қўйган ҳамда устозлари ишини давом эттириб, Ўрта Осиё археология мактабига асос солган Массон Михаил Евгеньевичнинг 1976 йилда чоп этилган “Из воспоминаний среднеазиатского археолога” номли китобидан парча.

Бугун биз Марказий Осиё археология мактаби ва меъморий реставрацияси асосчиси, профессор Михаил Массон ҳақида тарих фанлари номзоди, археолог Маргарита Филонович билан суҳбатлашдик.

– Устозим Михаил Евгеньевич Массон 1897 йилнинг 5 декабрида Самарқандда таваллуд топган, – дейди Маргарита Филонович. – Отаси француз бўлиб, ер ўлчаш билан шуғулланган, яъни кадастр тузувчи эди. У Самарқанд ўғил болалар гимназияси, Петраград Политехника институти, кейинчалик Туркистон шарқшунослик институтида таҳсил олган. 

Михаил Массон ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетининг археология кафедрасининг ташкилотчиси ва мудири бўлган. 

Ҳаваскор археолог, ўқитувчи, кейинроқ Самарқанд вилоят бошқаруви амалдори бўлган Василий Лаврентиевич Вяткин устози эканини кўп таъкидлаган. Унинг турмуш ўртоғи Галина Пугаченко ҳам тарих фанлари доктори эди. Устозимнинг тўрт фарзанди бўлиб, фақатгина тўнғич ўғли Вадим Массон отаси изидан борди. 

Михаил Евгеньевич Массон 1986 йил Тошкентда вафот этди. Айни вақтда у ва турмуш ўртоғи Дўмбиробод қабристонига дафн этилган.

Маргарита Филонович бизга устози чиқарган китоб ва ундаги “Менинг билимдон талабам Рита Филоновичга самимият билан” деган дастхатни фахр ва қувонч билан кўрсатди. 

Сўнгра “у инсон ҳаммани ҳам менинг талабам ёки шогирдим дея атамасди, бундай эътирофга лойиқ бўлиш бахт эди”, дея, изоҳ берар экан, хотиралардан кўзлари порлаб кетгандай бўлди. Шунда буюк архитектор билан қандай учрашгани, у инсоннинг қайси фазилатлари кўпроқ ёдида қолгани билан қизиқдик.

– Аслида бу инсон менинг тақдиримни ўзгартириб юборган, – дейди М.Филнович. – М.Массоннинг ишларига қизиқиб, Беларусдан Ўзбекистонга келиб, Самарқандда тарих факультетида ўқидим. 1955 йил биринчи курсда устозининг маърузасини тинглаб, археолог бўлишга аҳд қилдим. Сўнгра биз талабалар – Жанубий Туркманистон археологик комплекс экспедицияси, Катта Фарғона каналида қурилишидаги археологик кузатув ишларига жалб этилдик. Жанубий-Туркманистон археологик мажмуа экспедицияси Парфия Нисо ва Марв қадимий шаҳарларида тоғ қазилма ишлари олиб борилганда, экспедицияда олтмишдан ортиқ инсонлар қаторида иштирок этганимни эсласам, ҳамон ҳаяжонланаман. Ахир, шундай катта жараёнда ишчилар қаторида иштирок этиш, янгилик яратиш тушимга ҳам кирмаган. Лекин, бу ажойиб эди.

Фарғона канали қурилиши ҳам ёрқин хотираларга бой бўлган. У вақтларда техника ривожланмаган, минглаб инсонлар кетмонда ер қазирди. Тупроқ остидан чиққан топилма буюмларни биз археологлар ўрганардик. Устозимиз қаттиққўллик билан биздан эътиборли бўлишни талаб этарди. 

Ҳар бир буюмни диққат билан ўрганиш, албатта завқли ва масъулиятли эди. Энг қизиғи, устозим фақат обидаларни эмас, балки бошқа йўналишларда ҳам изланишлар олиб борарди. Мисол учун, тангалар, пул тарихи, тоғ иши, архитектура, эпиграфика. М. Массон олиб борган тадқиқотлар боис, Ўрта Осиё ҳудудида қулдорчилик тартиби ҳукм сурганлиги исботланган. Бунга Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Ўрта Осиёнинг бошқа шаҳарларидаги ривожланиш сабаб бўлган. У 1925 йили Амир Темур мақбарасида аллақандай парамагнит ҳодисаларини кузатган ва ичкарида нурланувчи сирли объект мавжудлиги ҳақидаги фаразни илгари сурган эди. Ваҳоланки, бу вақтда Амир Темурнинг қабри борасида бир нечта тахминлар бор эди.

М.Массон ҳақида ёзилган китоблар ва эсдаликларга эътибор қиладиган бўлсак, улар орасида 1936-1938 йилларда Термиз шаҳри ва унинг атрофларида Ўрта Осиё ҳудудидаги дастлабки йирик археологик илмий экспедиция – Термиз археологик комплекс экспедицияси (ТАКЭ) ҳақида кўплаб маълумотларга дуч келиш мумкин. 

Унда профессор Михаил Евгеньевич Массон раҳбарлигида кўҳна шаҳар тарихини ҳар томонлама, чуқур ўрганиш учун Тошкент, Москва, Санкт-Петербургнинг юқори малакали мутахассислари – археолог, санъатшунос, архитектор, геолог, ирригатор ва бошқалар жалб этилгани акс этган.

Мазкур тадқиқотлар натижасида Термиз шаҳрининг пайдо бўлишидан бошлаб, XIV асрнинг бошларигача бўлган тарих илк бор даврлаштирилиб, тарихий топография тузилди. 

Кушонлар даврига тегишли Чингизтепа, Айритом ва Қоратепа каби ёдгорликлар ўрганилиб, Кушон давлати тарихини ўрганишга жиддий қадамлар қўйилди. Айритомдан дунёга машҳур машшоқлар тасвири солинган фриз бўлаклари топилди. Термиз ҳукмдорлари саройида кенг кўламли қазишма ишлари олиб борилди. Бошқа меъморий ёдгорликлар, шаҳар ва унинг атрофи суғориш иншоотлари тарихи тадқиқ қилинди.

Қайд этиш жоизки, М.Е. Массон раҳбарлигида олиб борилган кенг кўламли археологик тадқиқот ишлари (масалан, ЮТАКЭ – Жанубий Туркманистон археологик комплекс экспедицияси, Катта Фарғона канали қурилишидаги археологик кузатув ишлари, КАТЭ – Кеш археологик экспедицияси)да кўҳна термизда орттирилган тажриба ётади, десак, муболаға қилмаган бўламиз.

"М.Филновичдан кўп йиллар М.Массон билан бирга ишлаган бўлсангиз, унинг Самарқанд тарихий обидаларини билимдони бўлгани, 1912 йилдан маҳаллий ёдгорликлар бўйлаб мустақил равишда экскурсиялар олиб боргани ҳақида хабарингиз борми?" дея сўрадик.

– Албатта, шарқшунос олим ва археолог тарихий обидаларни кўришга келган чет элликларга ҳамроҳлик қилиб, у ёки бу миллатнинг турлича хатти-ҳаракатини қизиқиш билан кузатгани, уларнинг ўзига хос феъли ҳақида сўзлаб берарди, – дейди Маргарита хоним. – Немислар ўзларига айтилаётган нарсаларга жимгина, виждонан қулоқ тутишлари, обида ҳақидаги қисқагина тарихий маълумотни ҳам қулоқлари остидан ўтказиб юборадиган итальянлар ёдгорликнинг токча, эшик, зина, томларида образли тарзда жойлашиб олиб, суратга тушишни яхши кўриши, жиддий инглизлар илтифот кўрсатгандек, оғзаки тушунтиришни хотиржам тинглаб, қўлларидаги “бедекер” ёки инглиз тилидаги бошқа йўлланмалар билан эшитганлари орасидаги арзимаган тафовутлар тўғрисида ҳам баҳсга киришиб кетишлари ҳақида тез-тез эсларди. 

Бундан ташқари, у даврларда кўп сонли сайёҳларнинг археологик топилмаларга қизиқиши боис, ўзига хос ва қизғин антиквариат бозори, айни пайтда унинг муқаррар салбий жиҳати – кўҳна буюмларнинг сохталаштирилиши юзага келгани ҳақида сўзлаб, биздан касбимизга эътиборли бўлишни талаб этарди. 

Ваҳоланки, маҳаллий кулоллар орасида турли аралашмалар билан ёғли сувда қайнатиш орқали ўзларининг сирланган буюмларига қадимий тус бериш авжига чиққан эди. 

Мисол учун, Бухоро яҳудийларидан Давид Юсупов кўҳна буюмларни қалбакилаштиришда анча илгарилаб кетгани, маҳаллий аҳоли орасида ўта қобилиятли ва уддабурон сохтакор уста Собир эканини айтарди. У, айниқса ислом давригача бўлган терракота ҳайкалчаларини ясашда моҳир бўлган. Лойдан ясалган бир нечта қолипни топиб олган Собир ўз ишлаб чиқаришини йўлга қўйди ва бундай ҳайкалчаларни қалбакилаштириш санъатида мукаммалликка эришди. Биз ана шу сохта маҳсулотлар бозорда тарқаб кетишининг олдини олишимиз учун бу усталардан кўра билимдон ва зийрак бўлишимиз кераклигини кўп уқтирар эди.

Ёши саксондан ошган суҳбатдошимиз М.Массони кўплаб қазишма ишлари олиб боргани, улар орасида Дарғом дарёсининг чап қирғоқидан Шаҳрисабз йўлининг Шарқ тарафига чўзилиб кетган “Боғи Фируза” ва “Ишратхона” топилмалари негадир унутилиб кетгани ҳақида сўзлаб берди. 

Бу мажмуа 1464 йилда қурилгани бўлиб, унга ёш малика Хавенд Султон бика мақбараси жойлашгани ҳақида вақф ҳужжатларида қайд этилган экан. Аслида бу саройнинг номи Ашратхон бўлиб, агар араб тилидан таржима қилинса, “Ўнта хона” деган маънони англатиб, жуда қувноқ ва ёрқин ранглар билан безатилган мақбара – саройдан бир нечта хотин-қизлар қабри топилган экан. Эътиборсизлик туфайли ҳозирда фақатгина нураган деворлар қолгани эса ачинарли.

3 060
Сайёра Шоева, ЎзА