ЎзА Ўзбек

15.03.2019 20:37 Чоп этиш версияси

Курсантлар ҳашарда фаол қатнашди​

Курсантлар ҳашарда фаол қатнашди​

Қишнинг изғиринли кунлари чекиниб, кўклам шамоли эса бошлаган шу кунларда юртимизнинг барча маҳалла, қишлоқ, овулларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари қизғин тус олган. Зеро, ҳудудларнинг озодалигини таъминлаш, яшил майдонларни кенгайтириш саломатлик омилидир.

Айниқса, “Наврўз” байрами арафасида маҳаллалар ҳамда аҳоли турар жойларини обод қилиш ва кўкаламзорлаштириш, ҳудудлар санитария ҳолатини яхшилаш ишлари умумхалқ ҳаракати даражасига кўтарилади.

Бу борада Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти профессор-ўқитувчилари, курсант ва тингловчилари томонидан миллий байрамимиз арафасида ҳашар ўтказилмоқда. Ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани жамиятимизда маънавий-маърифий муҳитни янада мустаҳкамлаш, навқирон авлодни миллий анъаналаримизнинг муносиб давомчиси этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.

7efdc01d-40c9-4362-b687-e782ede5e900.jpg

Институт ташаббуси билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ҳамкорлигида таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилари ва курсантлари томонидан Тошкент шаҳрининг Сергели, Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ва Янгийўл шаҳри маҳаллаларида ҳашар уюштирилди.

Ҳашар давомида 20 дан ортиқ маҳаллада истиқомат қилувчи 100 га яқин кам таъминланган оила, якка-ёлғиз кексалар ҳамда ногирон фуқароларнинг уй-жойларини таъмирлаш, ҳовлиларини ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Мевали ва манзарали дарахтлар, гул кўчатлари экилиб, мавжуд дарахтларни оқлаш, уларга шакл бериш, ерларни ағдариш каби ишлар амалга оширилди.

3430e3c5-b913-460c-951f-241069bd600d.jpg

– Ҳовлида китоб ўқиб ўтиргандим, эшик қоқиб бир нечта курсантлар кириб келишди, – дейди Сергели тумани Жунариқ маҳалласида яшовчи Элшод Сагдуллаев. – Кўлларида кўчат ва гуллар. Салом-аликдан сўнг ерни ағдариб, кўчат ва гулларни экиб кетишди. Ўзим биринчи гуруҳ ногирони бўлганим, уйда тўшакка михланиб қолган онам ва қизим билан турганим учун бу ишларни қиладиган одам қидираётгандим. Халқимизнинг мана шундай жонкуяр, меҳрибонлигидан бошим кўкка етди.

Бундай ҳашарлар Тошкент шаҳрининг Сергели, Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ва Янгийўл шаҳрининг бошқа маҳаллаларидаги кам таъминланган оилалар, якка-ёлғиз кексалар ҳамда ногирон фуқароларнинг уйларида давом эттирилади.

Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА мухбири
4 997