Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.09.2017 12:20 Чоп этиш версияси

Курсантлар қасамёд қабул қилди

Курсантлар қасамёд қабул қилди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида биринчи босқич курсантлари 1 сентябрь – Мустақиллик куни Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида фидойилик билан хизмат қилишга қасамёд қилди. Тантанали тадбирда Ички ишлар вазирлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, курсантларнинг ота-оналари ҳамда қариндошлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.Азизов, академия бошлиғи Б.Матлюбов ва бошқалар мустақиллик йилларида мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлиги ва фуқаролар осойишталигини ҳимоя қилиш борасида юқори самарали тизим яратилганини алоҳида таъкидлади.

Президентимизнинг 2017 йил 10 апрелдаги "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўламини кенгайтирди.

48.JPG

Ички ишлар вазирлиги академияси соҳа учун етук мутахассис ва раҳбар кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида юқори нуфузга эга олий ўқув юртларидан ҳисобланади. Бу ерда таълим жараёни замонавий давлат таълим стандартлари, ахборот ва илғор педагогик технологияларни қўллаган ҳолда намунавий ўқув режалари асосида олиб борилмоқда.

– Қутлуғ сана – 1 сентябрь куни қасамёд қабул қилиш биз учун катта шараф ҳам масъулиятлидир, – дейди курсант Ҳусниддин Дадарбоев. – Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлашга камарбаста бўлиш ҳар биримизнинг асосий вазифамиз. Ватанимизга, халқимизга, Президентимизга садоқат билан хизмат қилишга бор куч ва имкониятимизни ишга соламиз.

Тадбир иштирокчилари курсантларни табриклаб, Ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш, қунт билан ўқиш, ўз хизмат бурчини бажаришда мард ва жасур бўлишга чақирди.

Нурилло Насриев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
2 429






Все о погоде - Pogoda.uz