Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

01.09.2018 13:23 Чоп этиш версияси

Курсантлар қасамёд қабул қилди

Курсантлар қасамёд қабул қилди
Эрта тонгдан барчанинг юзида табассум, байрамона кайфият ҳукмрон. Мамлакатимизда истиқлолимизнинг 27 йиллиги кенг нишонланаётган кунда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академиясида билим юртининг умумқўшин факультети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультети ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг ҳарбий-тиббиёт факультети курсантлари қасамёд қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги масъуллари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вакиллари, ота-оналар ва яқин дўстлар иштирокида бўлиб ўтган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, тинч ва осуда ҳаётимизни ҳимоя қилишнинг мустаҳкам таянчи бўлаётгани, ҳарбий хизмат ёшларимиз учун том маънода мардлик мактабига айлангани алоҳида таъкидланди.

4.JPG

Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир миллий армиямиз шаклланди. Соҳа учун юқори малакали офицер кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилиб, олий ҳарбий билим юртларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Бугунги кунда ҳаётини ҳарбий соҳа билан боғлаган ёшларнинг таълим олиши ва касб кўникмасини эгаллаши учун барча имкониятлар яратилган.

11.JPG

Ҳарбий соҳага болалигимдан қизиқаман, – дейди Қуролли Кучлар академиясининг биринчи босқич курсанти Муҳриддин Муҳаммадов. – Бу ерда ўқишни кўпчилик ёшлар орзу қилади. Ватанимиз мустақиллиги байрамида ҳарбий қасамёд қабул қилиш биз учун улкан шарафдир. Бу эса соҳада янада юксак марраларни забт этишга даъват этди.

Тадбирда сўзга чиққан курсантларнинг ота-оналари ҳам ўғилларини байрам билан табриклаб, миллий армиямизнинг офицери деган шарафли номга муносиб инсон бўлишини тилади.

Бугун биз, ота-оналар учун қувончли кундир, – дейди Тошкент шаҳар Юнусобод туманидан Наргиза опа Йўлдошева. – Фарзандларимизнинг катта ҳаётга қадам қўяётганини фахр билан кузатиб турибмиз. Кўзларимдан қувонч кўз ёшлари кетмаяпти. Бу, албатта, мустақиллик шарофатидир. Улар танлаган соҳа шарафли ва масъулиятли бўлиб, юртимиз равнақи учун хизмат қилиши учун кўп куч ва матонат талаб қилади.

9.JPG

Тадбир доирасида ташкил этилган концертда Мудофаа вазирлиги марказий ашула ва рақс ансамбльи хонандалари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.

А.Мусаев, Т.Мамадаминов, ЎзА