ЎзА Ўзбек

04.03.2020 Чоп этиш версияси

Кунжут ёғини баданга суртиш коронавирус юқмаслиги кафолатими?

Кунжут ёғини баданга суртиш коронавирус юқмаслиги кафолатими?
Огоҳ бўлайлик! 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда коронавирус инфекциясининг олдини олиш борасидаги тавсияларини постерлар шаклида чоп этди. Бу ҳақда вазирлик Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Унда янги коронавирус касаллиги ҳақида қисқача маълумот берилган, коронавирус аломатлари, хавф гуруҳига кимлар кириши ҳақида сўз боради. Коронавирус касаллигига қарши вакцина борми, юқтириб олиш хавфини қандай камайтириш мумкин, деган саволларга қисқа ва аниқ жавоб берилган. Мактаб ва болалар боғчаси маъмурияти ҳамда хорижий давлатларга сафарга йўл олганлар учун алоҳида эслатмалар келтирилган. Шунингдек, вирус ҳақида халқимиз орасида айтилаётган турли уйдирмаларга ҳам эътибор қаратилган. Жумладан, Хитойдан хат ёки жўнатмалар олиш хавфсиз экани, кунжут ёғини баданга суртиш коронавируснинг организмга киришини тўхтатишда ёрдам бермаслиги айтилган.

Тавсияларга кўра, ҳар бир инсон соғлом турмуш тарзига амал қилиши, доимо қўлларини совун билан яхшилаб ювиши, йўталганда ва акса урганда бир маротабалик салфеткалардан фойдаланиши, фақат қайнатилган ёки қадоқланган сув истеъмол қилиши лозим. Агар тана ҳароратингиз кўтарилиб, юқори нафас йўллари касалликларини сезсангиз дарҳол шифокорга мурожаат қилишингиз сўралади.

4 845
Моҳигул ҚОСИМОВА, ЎзА