ЎзА Ўзбек

11.02.2019 19:08 Чоп этиш версияси

Кунтуғмиш достони жонли ижрода

Кунтуғмиш достони жонли ижрода

Хабарингиз бор, Президентимиз 2018 йил 13-14 декабрь кунлари Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи давомида Шаҳрисабзни фестиваллар шаҳрига айлантириш, ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш бўйича топшириқлар берган эди.

Шу боис Шаҳрисабзни йирик туризм марказларидан бирига айлантириш саъй-ҳаракатлари бошлаб юборилди. Яъни у “Фестиваллар шаҳри” деб эълон қилиниб, шу йилнинг ўзида ўтказиладиган фестиваль ва кўнгилочар тадбирлар тақвими ҳам ишлаб чиқилган. Унга кўра, бир ойга битта тадбир тўғри келяпти. Яъни йил охирига қадар Шаҳрисабз шаҳри 11 та фестивалга мезбонлик қилади.

Чунончи, Амир Темур мероси ва кешлик алломалар тарихига бағишланган семинар, “Зафарли юриш” театрлаштирилган саҳна кўринишлари ҳамда мақом ижрочилиги фестивали тарихий илдизларимизни чуқур ўрганишга замин яратади. “Анор” фестивали Варганза қишлоғи анорларини дунёга танитса, “Ҳисор тоғлари” экофестивали хорижликларни юртимизнинг бетакрор табиат манзаралари билан таништириш имконини беради. Ҳунармандларимизнинг ижод намуналари эса “Шаҳрисабз ҳунармандлар маскани” фестивалини безайди.

Ана шу тадбирларнинг бошланишига эса Қашқадарё вилоятида илк бора ўтказилаётган достон кечасига старт бериши мўлжалланмоқда.

“VORIS” ҳамда “OXUS Culture“ ташкилоти навбатдаги номоддий маданий меросимизнинг халқ оғзаки ижоди дурдоналари бўлган ўзбек халқ достонлари асосида ана шу кечаги ташкил этмоқда. Унда Ўзбекистон халқ бахшиси Қаҳҳор Раҳимов ўзбек анъанавий халқ достонларидан бири - “КУНТУҒМИШ” достони ижро этади.

Достон кечаси 22 февраль куни 18:00 дан 21:00 га қадар давом этади. Достончилик анъаналаримизга қизиқувчилар унда иштирок этиши мумкин.

ЎзА
4 263