ЎзА Ўзбек

04.07.2019 10:06 Чоп этиш версияси

"Kun.uz"даги мақолага муносабат: Ким кимни шантаж қилаяпти?..

"Kun.uz"даги мақолага муносабат: Ким кимни шантаж қилаяпти?..

Расмий муносабат: “Kun.uz” сайтида эълон қилинган “Арнасой тумани ИИБ раҳбарлари фермернинг отасини нега урди?” сарлавҳали материалдаги ҳолат ўрганилди

Жорий йилнинг 2 июлида “Kun.uz” сайтида “Арнасой тумани ИИБ раҳбарлари фермернинг отасини нега урди?” сарлавҳали материал Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди. Фикримизча, ушбу материал нохолислик ва шошқалоқлик билан тайёрланган. Аниқроғи, муаллиф томонлардан бирининг сўзларига таяниб, масалани чуқур ўрганмасдан вазиятни баён қилган.

Энди фактларга асосланган асл ҳолат билан таништирамиз.

2019 йилнинг 1 июль куни Арнасой тумани ҳокими давлатга ғалла топшириш шартномасини бажармаган фермерлар иштирокида йиғилиш ўтказган. Йиғилишда мақолада номи тилга олинган “Аҳмедов Фарҳод чорваси” фермер хўжалиги раҳбари Фарҳод Аҳмедовнинг отаси Маматқул Аҳмедов ҳам қатнашади. Маматқул Аҳмедов йиғилишга бехосдан келиб қолмаган, у фермер хўжалигининг норасмий раҳбари.

Айни шу сабаб ҳоким бошқалар қатори Маматқул Аҳмедовга режани бажариш зарурлигини тушунтиради. Маматқул Аҳмедов ҳокимнинг талабига эътироз билдирмайди, билдира олмасди ҳам. Чунки “Аҳмедов Фарҳод чорваси” чорвачилик фермер хўжалиги “Дўстлик дон маҳсулотлари” АЖ билан 35 тонна ғалла сотиш бўйича шартнома имзолагани ҳолда режанинг қарийб тенг ярмини бажармаган. Яна ҳам аниқроғи, 17,1 тонна ғалла кам топширилган. Аммо фермернинг 3 гектар майдони ўрилмасдан қолган.

Қўшимча қилиш керакки, “Аҳмедов Фарҳод чорваси” фермер хўжалигига айнан бошоқли дон экинлари етиштириш учун 29 миллион 561 минг сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилган. Ушбу кредитнинг 6 миллион 632 минг сўми қайтарилмасдан қолган. 

Қизиғи, режанинг салкам тенг ярми бажарилмагани ҳақида мақолада умуман сўз юритилмаган. Қолаверса, материалда келтирилганидек ҳоким ёрдам сўрамаган, қонуний тартибда режани бажариш кераклигини тушунтирган.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 майдаги фармойиши асосида бошоқли дон ҳосили ўрим-йиғим ишларини ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш, ғалла ўриш комбайнларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, давлат эҳтиёжлари учун бошоқли дон харид қилиш бўйича тузилган контрактация шартномалари фермер хўжаликлари томонидан сўзсиз бажарилиши учун шахсий жавобгарлик бир қанча давлат тизилмалар қаторида Ички ишлар вазирлиги зиммасига юклатилганлигини назардан четда қолдирмаслик зарур.

Қисқаси, ҳоким топшириғи асосида ички ишлар ходими билан бирга Маматқул Аҳмедов ғаллазорга йўл олади. Йиғилиш ўтказилган жойдан узоқлашишлари билан Маматқул Аҳмедов ҳамроҳига ғаллани ўрдириш учун далага бормаслигини маълум қилади. Табиийки, ходим бу тўғрида раҳбарига хабар беради, шу асосда ўша жойга Арнасой тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари Акром Мисиров етиб келади.

Фермернинг отаси туман ИИБ бошлиғининг ўринбосарини кўриши билан уни ҳақоратлай бошлайди. Акром Мисиров босиқлик билан Маматқул Аҳмедовга ғаллани ўрдирмаслик тўғрисидаги талабини ҳокимга шахсан ўзи айтиши зарурлигини билдиради. 

Маматқул Аҳмедов бунга рози бўлади ва автоуловга ўтиради. Аммо автомашина ҳоким ҳамда туман ИИБ бошлиғи турган жойга яқинлашиши билан Маматқул Аҳмедов дод-вой солиб, ўзининг калтакланганлигини, аҳволи оғирлигини маълум қилади.

Унга тиббий ёрдам машинаси чақирилади ва Маматқул Аҳмедов шифохонага ётади. Эътибор қилган бўлсангиз, “Kun.uz” мухбири суҳбатлашган туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч ёрдам бўлимининг мудири Темур Назаров Маматқул Аҳмедовнинг юқори гипертоник қон босимида юришини, илгари микроинфаркт олганлигини, қон босими юқорилиги учун тиббий ёрдам кўрсатилганини баён қилган, аммо жабрланувчига тан жароҳати етказилгани тўғрисида гапирмаган.

Агарда Маматқул Аҳмедовнинг танасига ростдан ҳам зарба берилганида унинг терисида пайдо бўлиши керак бўлган белгилар мухбирнинг нигоҳидан четда қолмаслиги тайин.

Қолаверса, қўли билан автоуловга кирмаслик учун тираниб турган одамни бир зарба билан қандай қилиб автомашина салонига киритиш мумкин? Унинг боши, оёқлари, қўллари бу жараёнда лат ейиши, эзилиши, тирналиши ва ниҳоят қайрилиши мумкин эдику? Тиббий экспертиза эса танада шубҳали аломатлар йўқлигини тасдиқлади. Савол туғилади, бу вазиятда ким кимни шантаж қилаётир?

— Масала низоли бўлгани сабабли прокуратура вакиллари иштирокида Маматқул Аҳмедов шифохонага келтирилиши билан бошдан оёқ тиббий текширувдан ўтказилди ва бу жараён тасвирга олинди, — дейди Арнасой тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч ёрдам бўлимининг мудири Темур Назаров. — Тиббий текширув пайтида Маматқул Аҳмедовнинг танасида қизариш, кўкариш, шишиш, йиртилиш аниқланмади. Агарда унга зарба берилганида ушбу белгилардан бири танада кўринарди. Маматқул Аҳмедовнинг териси оқ бўлгани боис ҳар қандай ўзгариш сезилмасдан қолмасди. Шу сабабли унга ҳеч қандай тан жароҳати етказилмагани аниқ.

Мақолада ИИБ бошлиғининг ўринбосари Мисировнинг фамилиясини “Мисаев”, туман тиббиёт бирлашмаси “туман Марказий шифохонаси” тарзида қўлланган. Шов-шув кўтаришга чоғланилганида бу каби “майда-чуйда”лар эътиборга олинмайди, шекилли.

Мақолада келтирилган об-ҳавонинг ноқулайлигига оид иддаога тўхталадиган бўлсак...

— Жорий йил об-ҳаво туманимиз ғаллакорлари учун ҳар қачонгидан қулай келди, бу йил ишламаган фермер ҳам режани бажарди, — дейди Арнасой тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Ҳайитбой Азизов. — 2019 йил 3 июль ҳолатига 241 фермер хўжалигидан 176 таси режани бажарди. Туманимизда бу йил фақат 10 фоиз фермер шартномавий режани уддалай олмаслигини тахмин қилаяпмиз. “Аҳмедов Фарҳод чорваси” фермер хўжалигининг экин майдонига келадиган бўлсак, ернинг аҳволи оғир эмас, ўртача. Бу майдонда режани нафақат қийинчиликсиз бажариш, балки яхшигина даромад олиш ҳам мумкин эди. Шартнома тузилгандан сўнг режани бажариш керак-да.

Умуман олганда, ишламайдиган одамга баҳона топилаверади, ер ўз эгасининг қўлида бўлса, ноқулай об-ҳавода ҳам кўнгилдагидек ҳосил кўтарилади.

— Мақолада чорвачилик фермер хўжаликлари дон топшириш бўйича шартнома қилиниши қонунчиликка зид, дея хато фикр юритилган. Қонунда бу борада ҳеч қандай тақиқ йўқ, — дейди “Дўстлик дон маҳсулотлари” АЖ ҳуқуқшуноси Тоҳир Ғиёсов.

Агарда мухбир бир томонга ён босиб, масалани чуқур ўрганмаса, “нопрофессионал” ёки “буюртма”, деган сўзлар хаёлга келади. Хуллас, ким қандай хулоса қилиши ўзига боғлиқ.

Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси

ЎзА
19 470