ЎзА Ўзбек

13.06.2019 Чоп этиш версияси

Кун хабарлари қисқа сатрларда

Кун хабарлари қисқа сатрларда


Миллий матбуот марказида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ''Ўзархив'' агентлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

Унда бугунги кунда мамлакатимизда архивлар фаолияти ривожланиб бораётгани, электрон навбат, онлайн маълумот олиш тизими мавжудлиги ва фуқароларга қатор қулайликлар яратилаётгани алоҳида таъкидланди.

Тадбир сўнгида архив ходимларини рағбатлантириш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда Архив ходимлари кунини белгилашга доир қатор таклифлар билдирилди.

* * *

“Ташаббус – 2019” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 79 нафар тадбиркор, фермер ва ҳунарманд иштирок этди.

Кўрик-танловда Тахиатош туманидаги “Атияж Гулзор” МЧЖ раҳбари А.Мустафоев “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, Нукус шаҳридаги “Nukus Ziada Nur” нодавлат таълим муассасаси директори З.Утеназарова “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, Тўрткўл туманидаги “Азизхон-Шайимардон” фермер хўжалиги раҳбари Б.Сатлиқов “Йилнинг энг яхши фермери”, Шуманай туманидаги якка тартибдаги тадбиркор Р.Матирзаева “Йилнинг энг яхши ҳунарманди”, Нукус шаҳридаги “Nukus Lak-bo’yoqlari” МЧЖ раҳбари А.Артиқов "Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори" йўналишида фахрли биринчи ўринни эгаллаб, мамлакат босқичига йўлланма олди.

* * *

Наманганда Ўзбекистон Республикасининг интеллектуал мулк ҳуқуқларини муҳофаза қилиш соҳасида халқаро шартномаларга қўшилиши тўғрисидаги қонунларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда интеллектуал мулк ҳуқуқларини муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро шартномаларга қўшилиш ва унинг аҳамияти, бу борада давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда бошқа субъектларга юклатилган мажбуриятлар юзасидан фикр алмашилди.


4 876
ЎзА