ЎзА Ўзбек

05.09.2018 19:44 Чоп этиш версияси

Кумушкон ёшлари янги ўқув йилини янги мактабда бошлади

Кумушкон ёшлари янги ўқув йилини янги мактабда бошлади Янги ўқув йили Кармана туманидаги “Кумушкон” маҳалласи ёшларига бир олам қувонч олиб келди. Энди улар барча шароитларга эга, зарур инвентарлар билан тўлиқ таъминланган янги 32-умумтаълим мактабида таҳсил олади.

Таълим муассасасининг очилиш маросимида туман ҳокими Ф. Умаров ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Н. Улуғбердиев бугунги кунда юртимизда ёш авлоднинг баркамол улғайиши, билим олиши ва соғлом вояга етиши учун яратилган имкониятлар, вилоятимиз ёшлари эришаётган ютуқлар ва таълим соҳасидаги ислоҳотлар хусусида тўхталди.

Мактаб биноси “Алмаз” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан қисқа фурсатда бунёд этилди. 3 миллиард 400 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланган муассасада ўқув жараёни икки сменада ташкил этилди. Айни пайтда бу ерда 430 нафар ўқувчи таълим олмоқда.

11.jpg

– Авваллари ҳудудимиз болалари бу ерда бошланғич таълим сабоғини олгач, узоқ масофани босиб, тумандаги 3-умумтаълим мактабига қатнарди, – дейди мактаб директори С. Обилов. – Ота-оналарнинг мурожаати туфайли таълим муассасамиз учун янги бино қурилди ва ўн бир йиллик ўқув тизимига ўтказилди.

Айтиш жоизки, Навоий вилоятидаги 355 та умумтаълим мактаби тўлиқ таъмирланиб, янги ўқув йилига тайёр ҳолатда фаолият бошлади. Замонавий қиёфа касб этган, кенг ва шинам синф хоналари таълим сифати, иш унумининг оширилишига хизмат қилмоқда.

Шунингдек, Учқудуқ туманидаги 5-умумтаълим мактаби биноси ҳам янгидан барпо этилди. 216 ўринга мўлжалланган муассасанинг қурилишига 4 миллиард 900 миллион сўм маблағ сарф қилинди.

Н.Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат) ЎзА
5 945