Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.06.2018 15:32 Чоп этиш версияси

Кулоллар ва кулолчилик маҳсулотлари фестивали

Фарғона вилояти Риштон туманида ўтказилаётган кулоллар ва кулолчилик маҳсулотлари халқаро фестивалида юртимизнинг барча ҳудудларидан келган ҳунармандлар ҳамда хорижлик сайёҳлар иштирок этаётир.

Мамлакатимизда миллий ҳунармандлик анъаналарини асраб-авайлаш, ривожлантириш, халқ усталарининг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Риштон сопол буюмлари, миниатюралари жаҳондаги санъат шайдолари орасида ҳам катта шуҳрат қозонган. Ҳеч бир ҳудуднинг кулолчилик намуналарига ўхшамайдиган, ўзига хос ўсимлик ва натюрморт мавзусидаги мураккаб нақшларни сирлаб, қоплаш ва бу безакларни эркин рангтасвир усулида мўйқалам билан қувноқ рангларни қориштириб, ишлатишдан ҳосил бўлган бу санъат асарлари АҚШ, Буюк Британия, Франция, Польша, Швеция, Ироқ, Эрон, Миср каби мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда намойиш қилиниши ва жаҳон оммаси эътирофига сазовор бўлиши Риштон кулолларининг беназир истеъдодидан далолат беради.

Риштонлик кулоллар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ўзининг дизайни, табиий ранги ва қалампир нусхали нақшларга бойлиги билан ажралиб туради. Юртимизнинг тарихий обидаларга бой Бухоро, Самарқанд, Хоразм каби шаҳарларидаги дўконларда савдога қўйилган Риштон кулолчилик буюмлари ва миниатюралари чет эллик сайёҳлар қизиқишини тортаётгани бу санъат намуналарига бўлган талабни кундан-кун оширмоқда. Риштондаги қайси бир кулолнинг устахонасида бўлманг, барчаси қўли-қўлига тегмай, завқ билан ишлаётганини кўрасиз.

Мустақиллик йилларида Риштон кулолчилик мактаби янада ривожланди. Уста Иброҳимжон Комилов, Бобожон Нишонов, Ҳакимжон Сатторов, Рустамжон Усмонов, Алишер Назиров, Шарофиддин Юсупов, Тоҳиржон Ҳайдаров сингари машҳур кулоллар яратган маҳсулотлар барчани ҳайратга солиб келмоқда.

– Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, юртимизга келаётган чет эллик сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш, кулолчилик маҳсулотларини кенг тарғиб этишда мазкур халқаро фестивалнинг аҳамияти катта, – дейди Риштон тумани ҳокими ўринбосари Абдусалом Сидиқов. – Айни пайтда туманимизда Япон боғи, ҳунармандлар маркази ташкил этилмоқда. 24 июнгача давом этадиган фестивалда Туркия, Озарбайжон, Франция каби давлатлардан ҳам меҳмонлар иштирок этмоқда. Юртимиз ҳунармандлари намойиш этаётган маҳсулотлар, айниқса, хорижликларда катта қизиқиш уйғотаётир.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 726