ЎзА Ўзбек

25.03.2020 Чоп этиш версияси

Куч – адолатда, ғалаба эса бирликда!

Куч – адолатда, ғалаба эса бирликда!
Муносабат

Халқимиз орасида ҳаёт бир текис эмаслиги ҳақида кўплаб ҳикматлар айтилади. Яхши ва ёмон кунларда елкадош бўлайлик, деган дуолар ўқилади. Агар ҳаёт бир текис бўлганида, унинг ширинлиги билинмасди, деган гапларни ҳам кўп эшитганмиз. Ҳа, инсон бу дунёда орзулари рўёбини кўриш баробарида тақдирнинг кутилмаган зарбаларига ҳам тўқнаш келиб қолиши мумкин экан. Қўрқоқ одам қийинчилик олдида бир зумда заифлашади.

Аммо, ўзини эмас, ўзгаларнинг дардини ўйлайдиган, ватанпарвар, халқчил инсонлар эса муаммодан қўрқмайди. Уни енгиб ўтиш чоралари ҳақида қайғуради. Очиғи, бизнинг халқимиз халқаро ҳамжамият олдида ана шундай қўрқмас мард, жасур фарзандлари билан ҳар доим шарафланади.

Коронавирус пандемияси дунё бўйлаб тарқалган бир шароитда ўзбек халқининг давлатимиз раҳбари атрофига янада жипслашгани яққол кўринмоқда. Бир-бирига яхшилик қилувчилар, меҳр-мурувват кўрсатувчилар, ёрдам қўлини чўзувчилар сони кун сайин ортиб бормоқда. Қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган инсон ҳам Яратганнинг меҳрибонлигини сўраб дуода турибди. Бу, албатта, халқимизга хос бўлган бағрикенглик, одамийлик нишонасидир.

Кимнингдир соғлиғи, кимнингдир хотиржамлиги йўқолган бир пайтда юртимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар жадали кун сайин кенгайиб бораётганлиги қувонарли, албатта. Улардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” эълон қилинган фармони бўлди. Ва бу фармон тушкунликка тушиб қолаётган қалб қўрларини яна аланга олдирди.

Дарҳақиқат, глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни ушлаб қолиш муҳим аҳамиятга эга. Карантин даврида мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш бугунги кун заруратларидан биридир.

Ана шу мақсадларни ўз ичига олган ушбу фармон ижросида даволаш ва бошқа муассасаларни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун зарур бўладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар, ҳимоя воситалари ва тест тизимлари билан таъминланади. Шунингдек, фармонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда иштирок этаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш назарда тутилгани ҳам айни муддаодир. Албатта, партиямизнинг асосий электорати бўлган тиббиёт ходимлари шундай нозик вазиятда ўз ҳузур-ҳаловатидан воз кечиб, шахсий ҳаётини бир четга суриб фидокорона хизмат қилаётгани ҳар қандай рағбатга муносибдир.

Фармон асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий қилинганлиги кўп минг сонли партиядошларимизга манзур бўлди.

Бу дунё ҳикматларга бой. Қанчалик аччиқ бўлмасин, айрим юртдошларимиз шифокорларга қўл кўтариб, кўнглини оғритгани ҳам бор ҳақиқат. Бугун ҳар биримиз шу шифокорнинг маслаҳатига, ҳимоясига муҳтожмиз. Кечагина беморларнинг яқинлари тажовузига учраётган шифокорларнинг меҳнати нақадар залворли ва муҳим эканлигини бугунги кун манзараси кўрсатиб турибди.

Шунингдек, фармонда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Биз, албатта, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича чораларни кучайтириш ва нафақа олувчилар сонини ошириш, меҳнат мигрантларини касбга ва тилга ўргатишни ташкиллаштириш орқали уларни қўллаб-қувватлаш ташаббусларини рўёбга чиқаришда елкадошмиз.

Коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўлананиши аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида қўйилган катта қадам бўлди.

Аҳолига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этишнинг соддалаштирилган тизимини ташкил этиш чоралари кўрилиши, коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқлангани ҳам ҳар бир инсоннинг қадр-қимматини янада оширади.

Халқимиз азал-азалдан аҳиллик, ҳамжиҳатлик, ўзаро ғамхўрликда ном қозонган. Куч – адолатда, ғалаба эса бирликда. Биз барчамизни ташвишга солаётган коронавирус устидан албатта ғалаба қиламиз ва бу синовни сабр ва ақл билан ҳамжиҳатликда енгиб, ёруғ юз билан беталофат чиқишга интиламиз. Бу борада, партиямиз аъзолари давлатимиз томонидан олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватловчилар билан ёнма-ён бўлади, деб ишонч билдирамиз. Бинобарин, бебаҳо бойлигимиз – соғлиғимизни муҳофазалаш барча муваффақиятларнинг аввалидир.

Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
сиёсий кенгаши раиси ўринбосари

1 297
ЎзА