Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.03.2017 12:44 Чоп этиш версияси

Куч – билим ва тафаккурда

1 (2).JPG

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 мартдаги қарорига кўра, Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган истеъдодли қизлар орасида Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги 1-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Дилдора Ўроқова ҳам бор.

Дилдора оилада учинчи фарзанд. Акаси олий ўқув юртида, опаси касб-ҳунар коллежида ўқийди. Отаси – Акмалжон ака тумандаги 30-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси, рус тили ва адабиётидан дарс беради. Онаси – Дилором опа тиббиёт ходими, туман тиббиёт бирлашмасида ишлайди. Оиладагилар илм олиш, касб-ҳунар эгаллашнинг заруратию, самарасини яхши билади. Оила аҳиллиги, хонадон ободлиги ҳам шундан. Ота-она фарзандларининг пухта билим олиши, интилиш ва қизиқишига мос касб танлаши учун зарур шароит ва имконият яратиб берган. Оила даврасидаги суҳбатлар, баҳс-мунозаралар ҳам китоб ва китобхонлик, илм ўрганишнинг аҳамияти ҳақида бўлади.

– Болаларга туғилган кунида ёки бирор жойга бориб-келганимизда китоб совға қилиш одатга айланган, – дейди Дилором Йўлдошева. – Улар ҳам шунга ўрганган, уйга киришимиз билан қўлимизда китоб бор-йўқлигига қарайди. Орадан бир ҳафта-ўн кун ўтгач, ҳар биримиз ўша китобни ўқиб чиққач, оила даврасида муҳокама қиламиз. Ҳар ким ўз фикрини билдиради, асардан олган таассуротларини айтади. Болаларнинг "Кундалик" дафтарига кўз югуртириш билан чекланмаймиз, ҳар бири билан суҳбатлашамиз. Айниқса, турмуш ўртоғим, ўқитувчи бўлгани учунми, фарзандларимизнинг ҳар бир мавзуни ўзлаштириши билан қизиқади. Балки ана шундай муносабат туфайлидир, барчаси яхши ўқийди. Ўз танлаган йўли бор. Дилдоранинг болаликдан математикага қизиқиши бошқача. Иккинчи синфдан бошлаб тумандаги 1-ихтисослаштирилган мактабда ўқийди. Дарс билан чекланмай, математика фани бўйича тўгарак машғулотларига қатнашади. Танловларда иштирок этиб, юқори натижаларга эришаяпти.

Дилдора мактаб ўқувчилари ўртасидаги билимлар беллашувининг вилоят босқичида бир неча бор ғолиб бўлган. 2014-2015 ўқув йилида мазкур танловнинг мамлакат босқичида учинчи ўринни қўлга киритди. Ўтган йили ҳам юқори натижа қайд этди. Айни пайтда устози Шуҳрат Хўжаназаров раҳбарлигида 9-синф ўқувчилари ўртасидаги мамлакат фан олимпиадасига тайёргарлик кўрмоқда.

– Ўқувчида қайси фанга қизиқиш борлиги, унинг истеъдоди илк машғулотларданоқ намоён бўлади, – дейди Иштихон туманидаги 1-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби математика ўқитувчиси Ш.Хўжаназаров. – Биринчи дарсдаёқ Дилдорада математикага ўзгача иштиёқ борлигини кузатганман. Тез фикрлаши, ҳар бир масала моҳиятини англаб етиши тенгдошларидан ажралиб турарди. Шунинг учун унга мавзуга оид қўшимча вазифа ва топшириқлар берардим. Барчасини бекаму кўст бажариб кела бошлагач, тўгарак машғулотларида фанни чуқурроқ ўзлаштиришига эътибор қаратдик. Шу тарзда туман, вилоят миқёсидаги танловларда юқори ўринларни эгаллади, билимини мустаҳкамлади. Уч йилдан буён билимлар беллашувининг мамлакат босқичида қатнашяпти. Бу йил фан олимпиадаси билан бирга, халқаро математика олимпиадасига ҳам тайёргарлик кўряпмиз. Дилдора бу танловда ҳам юқори натижа қайд этишига ишонаман.

Дилдора барча фанлардан аъло баҳоларга ўқийди, турли кўрик-танловларда фаол қатнашади. Ўтган йили “Конституция – бахтимиз пойдевори” иншолар танловининг вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллади.

– Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан пойтахтимизда ўтказилган тантанали маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев қўлларидан Зулфия номидаги Давлат мукофотини қабул қилиб олганим ҳаётимда ҳеч қачон унутилмайдиган ҳаяжонли дамлар бўлди, – дейди Дилдора Ўроқова. – Ҳали-ҳамон ана шу тадбир ҳаяжони билан юрибман. Мендек бир ўқувчи қизга шундай нуфузли Давлат мукофоти берилишини жуда катта масъулият, ишонч, деб биламан. Бу ишончни келгусида яхши ўқиб, касб эгаллаб, Ватанимга хизмат қилиш, юртимиз довруғини дунёга таратишга ҳисса қўшиш билан оқлайман, деб ваъда бераман.

Шу кунларда Самарқанд вилоятидаги таълим муассасалари, маҳаллаларда Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Дилдора Ўроқова ва унинг устозлари, ота-онаси иштирокида учрашувлар ўтказилмоқда. Бу ўқувчиларда ўқишга, илм олишга қизиқишни ошириш билан бирга, мамлакатимизда ҳар бир истеъдодли ўғил-қиз давлатимиз эътиборидан четда қолмаслиги, уларнинг ўз имконият ва салоҳиятини юзага чиқариши учун барча шароит яратилаётганининг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
1 650






Все о погоде - Pogoda.uz