ЎзА Ўзбек

18.07.2018 23:57 Чоп этиш версияси

Ўксик фарзандларнинг дардини ким эшитади?

Муайян сабаблар туфайли ажрашган оилада ҳам барибир ҳаёт давом этаверади. Ота-она ўз аравасини айро тортиши мумкин. Бироқ орада вояга етмаган, ҳали ҳақ-ҳуқуқини билмаган, катталарнинг муҳофазасига муҳтож фарзандлар бўлса-чи? Уларнинг ота ё она меҳридан мосуво, ярим кўнглини тўлдириш қийин, албатта. Бундай болалар вояга етиб, мустақил ҳаётга қадам қўйганича бўлган даврдаги қонуний ҳаққи – алиментдан ҳам бебаҳра қолса, уларнинг дардини ким эшитади? Ҳуқуқларини ким ҳимоя қилади?

Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси томонидан Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда ташкил этилган “Оила муҳитининг фарзанд тарбиясига таъсири: ажралишлар таҳлили ва болалар тақдири” мавзуидаги давра суҳбатида айни шу масала муҳокама қилинди.

Иштирокчилар мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга соя солаётган мазкур масала хусусида сўз юритар экан, биринчи навбатда, ёш оилаларда арзимас муаммолар юзасидан келиб чиқадиган тушунмовчиликлар туфайли ажралишлар кўпаяётгани ташвишли эканини таъкидлади.

Маълумотларга кўра, 2017 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан алимент бўйича қарздорларга нисбатан 3,7 минг иш кўрилган. Алимент тўламаётган 2,3 мингдан зиёд фуқарога нисбатан қидирув эълон қилинган. 180 минг қарздор фуқаронинг доимий даромад манбаига эга эмаслиги туфайли алимент тўлай олмаётгани аниқланган.

Давра суҳбатида ажрашган оилалар вакилларининг иқтисодий аҳволи, фарзандлари учун алимент ундириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Амалдаги қонунчиликда бу борада белгиланган нормаларнинг моҳияти, ҳуқуқни қўллаш амалиёти атрофлича таҳлил этилди.

Тадбирда фракция аъзолари “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритиш таклифини илгари сурди. Хусусан, алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаганларни қўллаб-қувватлаш бўйича жамғарма ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Бундан ташқари, мазкур жамғарма томонидан тўланган маблағлар қарздор томонидан мажбурий тартибда ундириб олиниши, бу йўналишда самарали механизмни юзага келтириш имкони мавжуд экани қайд этилди.

Қатор хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, бу борада қарздорларни транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан вақтинча маҳрум қилиш амалиётини жорий этиш таклифи ҳам илгари сурилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
9 381