ЎзА Ўзбек

02.12.2019 Чоп этиш версияси

Ўксик қалбларга қувонч улашиб...

Ўксик қалбларга қувонч улашиб...

Қарши шаҳридаги “Мурувват” ногирон болалар учун интернат уйи 2018 йилда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қайта реконструкция қилинган.

4 ёшдан 18 ёшгача бўлган ақлан заиф ва ногиронлиги бўлган болалар яшаб, тарбияланадиган муассаса қарийб ярим аср олдин ташкил этилган. Ушбу интернат уйининг бугунги шароити ва имконияти бу ерда тарбияланаётган болажонларга бўлган Президент ғамхўрлиги ҳамда эътиборининг ёрқин ифодасидир.

Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан мамлакатимизда ногиронликни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларни касбга ўқитиш ҳамда ишга жойлаштириш соҳасидаги ишлар янги мазмун касб этди. Жумладан фармонда тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, “Мурувват” ва “Саховат” интернат-уйларида васийликка олинганларнинг турмуш сифатини яхшилашга қаратилган тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш, уларнинг реабилитацияси ва ижтимоийлашуви самарадорлигини ошириш белгиланган.


8 (1).jpg

5.jpg
Бу каби ҳаётий талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, олиб борилган эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида Қарши шаҳридаги мазкур мурувват интернат уйига ҳам янги ҳаёт кириб келди.

– 1976 йилда фаолият бошлаган муассаса ўз имкониятларини тамоман йўқотган эди, – дейди Қарши шаҳридаги “Мурувват” ногирон болалар учун интернат уйи директори Рўзиқул Хўжаев. – 12 миллиард сўм маблағ эвазига қурилиш, таъмирлаш ва қайта реконструкция қилиш ишлари амалга оширилган интернат уйи чин маънода ўксик қалбларда меҳр нурини ёритди. Қисқа муддатда бош бино, ошхона мажмуаси, қозонхона, иссиқлик, вентиляция тизимлари таъмирланиб, ҳудуд ободонлаштирилди. Янги жиҳозлар билан таъминланди. Бу ишлар нафақат болажонлар, балки, интернат уйи ходимлари учун ҳам қулайлик яратди.

6.jpg

2.jpg

Интернат уйидаги ҳар бир восита тарбияланувчиларни ҳаётга мослаштириш, улардаги нуқсонларни бартараф этиш орқали соғломлаштиришга хизмат қилади. У ердаги жисмоний машқлар ўтказиш хонаси, психолог – логопет хизматлари, меҳнат хонаси ҳам тарбияланувчилардаги ақлий ривожланишни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда уларнинг барчаси замон талабларига мос андозада жиҳозланган.

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан интернат уйида давлат ташкилотлари, тадбиркорлар ва ҳомийларнинг тарбияланувчилар учун байрам тадбирлари ташкил этилиши ҳам анъанага айланган. Бу гал ҳам шундай бўлди. Яккабоғ туманидаги “Азия мега строй” масъулияти чекланган жамияти вакиллари томонидан болажонларга совғалар улашилди.


15.jpg

11.jpg

– Муқаддас ватанимизда инсон қадри ва манфаати улуғ эканлиги бугун айни йўналишда олиб борилаётган ишларда, эзгу амалларда ҳам ўзининг бор бўй-басти билан намоён бўлмоқда, – дейди Яккабоғ туманидаги “Азия мега строй” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Эркин Тўхтаев. – Буни Давлатимиз раҳбари томонидан ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларда ҳам яққол кўриш мумкин. Амалга оширилаётган эзгу ишларга биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшишни мақсад қилгандик. Шу боис бугун болажонларга турли хил ўқув қуроллари, бадиий китоблар, юмшоқ ўйинчоқлар, ширинликлар олиб келдик. Ўксик қалбларга бироз бўлсада хурсандчилик улаша олган бўлсак, биз бизнинг ютуғимиз.

Шу куни интернат уйи тарбияланувчиларининг чеҳрасидаги табассум, қалбларга кўчди. Ёшлар иттифоқи фаолларининг чиқишлари, байрам дастури ҳар бир бола давлат эътиборида эканлигини намоён этди.

935
Ў.БАРОТОВ, Ж.НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА