ЎзА Ўзбек

15.02.2018 12:53 Чоп этиш версияси

“Крокодил”га ўтирган улфатлар

Навоий вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан 2018 йил 22 январь куни ўтказилган навбатдаги профилактика тадбирларида Навоий шаҳри Нурафшон кўчасида яшовчи, муқаддам судланган Тоймас Бекбоев (исм-шарифи ўзгартирилган) ўз хонадонида бангихона ташкил этгани аниқланди.

Бангихонада “Крокодил” номли гиёҳвандлик воситасини қўлбола усулда тайёрлаш ва истеъмол қилиш учун шароит яратилган. Тезкор қидирув ходимлари томонидан олинган ашёвий далиллар ўрганилиб, мазкур ҳолат юзасидан Тоймас Бекбоевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-модда 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Нурафшон кўчасида яшовчи, муқаддам судланган Бўри Бердиев хонадонида ҳам қўлбола усулда “Крокодил” гиёҳвандлик воситаси тайёрланиб, истеъмол қилингани аниқланди. Бу ерда бир неча ишсиз фуқаро, жумладан, Навоий шаҳар Ёшлик кўчасида яшовчи Камтарбек Қаноатов, 1983 йилда туғилган Навоий шаҳар Решетник кўчасида яшовчи Рози Ризоев ҳамда 1967 йилда туғилган Навоий шаҳар Нурафшон кўчасида яшовчи Қодир Қобилов биргаликда “заҳри қотил”ни истеъмол қилаётганида қўлга тушган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
10 240