ЎзА Ўзбек

30.07.2018 18:23 Чоп этиш версияси

Кредитга олинган маҳсулот алмаштириб бериладими?

Булунғур туманининг “Сарқипичоқ” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро кредитга телевизор харид қилган эди. Кўп ўтмай маҳсулотнинг носоз экани маълум бўлди...

Тўлқиннинг ошналарига ҳаваси орта бошлади. “Кредитга уни олдим, буни олдим”, деб мақтанаверадилар. “Ойма-ой тўлаймиз, маошнинг жуда кичик қисми кетади. Пулинг беҳудага сарфланмайди. Шу баҳона, буюмли бўлиб қоласан,” деган гап-сўзлар қулоғи тагида жаранглайвергач, у ҳам истеъмол кредити эвазига махсус дўкондан телевизор харид қилишга қарор қилди.

Телевизор хонадонига келгач, у ҳам ошналарига бир мақтанмоқчи эди. Афсуски, ниятига етолмади. Янги “РОССИ” русумли “ойнаи жаҳон” бироз муддат ўтгач, “қилиқ чиқара бошлади”, аниқроғи унинг носоз экани маълум бўлиб қолди. Нима ҳам қилсин? Аввало, уни мақтаб сотган дўкон эгаси билан учрашиб, вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилди.
“Сотдим-у қутилдим!” қоидасига амал қиладиган сотувчи эса уни эшитишни ҳам хоҳламади. Ҳеч бўлмаганда, харидорнинг бошқасига алмаштириб бериш ҳақидаги таклифи ҳам эътирозга учради.

Булунғур туманининг “Сарқипичоқ” МФЙда истиқомат қилувчи қаҳрамонимиз Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмасининг Булунғур туман жамиятига шикоят аризаси билан мурожаат қилди. Мурожаат томонлар иштирокида атрофлича ўрганиб чиқилди.

Сотилган товар ҳақиқатан носоз эканлиги исботланиб, сотувчига “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли моддалари тушунтирилгач, телевизор бошқасига алмаштириб берилди.

Гулчеҳра Бердиёрова

4 438