ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

Кредит ололмаётган тадбиркорларга Бош прокуратура раҳбарияти кўмак кўрсатди

Кредит ололмаётган тадбиркорларга Бош прокуратура раҳбарияти кўмак кўрсатди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси раҳбарияти жойларда сайёр қабуллар ўтказмоқда.

Қабуллар давомида муаммога дуч келаётган, кредит ололмаётган тадбиркорларнинг арзлари жойида ҳал этилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида М.А.га тегишли масъулияти чекланган жамият банкдан нон маҳсулотларини тайёрлаш ускунасини сотиб олиш учун кредит ололмай юрган эди. Бош прокуратура қабули пайтида у ёрдам сўрагач, муаммо ҳал бўлди. Тадбиркорга 146 миллион сўм кредит маблағи ажратилди.

Шунингдек, Навоий вилоятида И.И. раҳбарлигидаги тадбиркорлик субъекти сутни қайта ишловчи ускуналар сотиб олиш учун банкдан 1 миллиард сўм кредит олиши зарур бўлган. Бироқ банкка мурожаати ҳал бўлмагач, у ҳам сайёр қабул пайти бу ҳақда маълум қилди. Бу тадбиркорнинг арзи ҳам ижобий ечим топди.

Навоийлик яна бир тадбиркор К.Р.нинг лойиҳа ҳужжатлари “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасининг электрон онлайн-аукционларни ўтказиш веб-порталига жойлаштирилиши таъминланди.

Бош прокуратура раҳбарияти томонидан аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ана шундай амалий самара бермоқда.

Бунда мавжуд муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш орқали аҳоли фаровонлиги учун бандлигини ва барқарор даромад манбаига эга бўлишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Ўтказилган сайёр қабулларда келиб тушган мурожаатлар таҳлили ҳамда прокуратура органлари аралашуви билан қисқа муддатда ечимини топаётган муаммолар бунга масъул бўлган мутасадди корхона, ташкилот ва муассаса мансабдор шахсларининг ҳануз мурожаатлар билан ишлашда хизмат бурчи ва вазифаларини лозим даражада бажармаётганини кўрсатмоқда.

3 189
Муаттар РЎЗИБОЕВА, ЎзА