ЎзА Ўзбек

07.10.2019 Чоп этиш версияси

КОВРАКНИНГ БЕБАҲО ХУСУСИЯТИ: у женшендан устунми?

КОВРАКНИНГ БЕБАҲО ХУСУСИЯТИ: у женшендан устунми?

Коврак (Ferula) туркуми вакиллари зирадошлар оиласига мансуб ўсимлик бўлиб, унинг ер юзида 170 дан зиёд турлари мавжуд. Ўрта Осиёда 110 дан ортиқ, мамлакатимизда эса 50 та тури учрайди. Смола-елим олиш учун асосан 10 тури ишлатилади. Булар сассиқ коврак, Кўҳистон ковраги ва бошқа номдаги ковраклардир. Бу турлар ташқи марфологик жиҳатдан бир-бирларига жуда ҳам ўхшаб кетади, аммо табиатда сассиқ коврак (Ferula assa-foetida L.) кенг тарқалган бўлиб, елим-смола асосан шу турдан олинади.

Коврак ўсимлиги бир қарашда кишида кераксиз, ёввойи ўсимлик сифатида таассурот қолдиради. Уни барчамиз йўлда, чўлда кўп учратганмиз. Аммо унинг шифобахш хусусиятларини ҳаммамиз ҳам билавермаймиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифларидан бирида коврак етиштирувчилар ассоциациясини тузиш таклифини ўртага ташлаган эдилар. Дарҳақиқат, юртимизда коврак доривор ўсимлигини табиий равишда кенг тарқалганлиги ва қўшимча суньий экиб кўпайтириш имкониятларининг мавжудлигини инобатга олиб, кенг истиқболли режаларни назарда тутган эдилар.

Топшириққа асосан коврак доривор ўсимлиги майдонларини кенгайтириш, плантациялар ташкил қилиш, уларни қайта ишлашни ривожлантириш борасида ҳам улкан ишлар бошлаб юборилди.

Ковракнинг фойдали хусусиятлари бизга аввалдан маълум бўлган бўлиб, Абу Али ибн Сино, Беруний каби алломаларимиз адабиётларида турли касалликларни даволашда ундан тайёрланган дори воситалари ва парҳез таомларни қўллаш тавсия қилинган.

Коврак туркумига мансуб турлар республикамизнинг қумли чўллар, адирлар, тоғлар ва тоғолди ялангликларда, соф тупроқли ерларда ўсади. Унинг Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон республикаси ҳудудларида ўсадиган турлари дориворлиги юқори саналади. Коврак Қозоғистон, Тожикистон, Эрон, Афғонистон, Покистон ҳамда Ҳиндистонда ҳам кенг тарқалган.

Ҳудудимизда бу ўсимлик март-апрель ойларида гуллайди, меваси апрель-майда пишиб етилади. Ўсимлик кўп йиллик ҳисобланади, ер устки қисмлари ўсиш муҳити ва об-ҳаво шароитига қараб 1,5-2 ой яшайди. Ковракнинг бўйи 1,5-2 метргача, илдизи йўғон 15-20 см.гача етади, лавлагисимон чуқур жойлашган. Баҳор мавсумида ҳали тўлиқ етилмаган илдизидан маҳаллий аҳоли томонидан кўк сомса, бичак каби таомлар тайёрланади.

Одатда доривор маҳсулотлар сифатида илдизи, барги, пўстлоғи, гули, меваси ва бошқа қисмларидан тайёрланадиган шираси, кукуни, настойкаси, эмулсияси ва таблетка шаклида фойдаланилади. Асосан елими-илдизидан олинадиган смоласи-шираси тиббиётда кенг ишлатилади.

Юқорида ёзилганидек, смола-елим олиш учун асосан 10 тури ишлатилади, булар сассиқ коврак, рова, куҳистон ковраги ва бошқа номдаги ковраклар ҳисобланади. Табиатда сассиқ коврак (Ferula assa-foetida) кенг тарқалган бўлиб, республикамизда тайёрланиб, истеъмолчиларга етказиб берилаётган смола-елим асосан шу турдан олинади.

Шифобахш хусусиятлари кўплиги сабабли тиббий мақсадларда кенг қўлланилади. Ошқозон-ичак йўлини шлаклар ва гижжалардан тозалашдан ташқари, бошқа касалликларни даволашда жуда фойдали ҳисобланади. Ангина, бронхит ва нафас аъзолари шамоллаши билан кечувчи бошқа касалликларни мисол тариқасида келтириш мумкин. Эритмаси билан оғиз чайиш учун антисептик ва оғриқ қолдирувчи хусусияти борлиги учун нафас йўлларини микроблардан тозалаш ҳамда оғиздан ёқимсиз хид келишини йўқотса, оз миқдорда ичиш билан овоз бўғилишига даво бўлади.

Кўз касалликларида катарактани бошланғич босқичларини самарали даволаш, заҳарли ҳашаротлар чаққанда эса заҳарли таъсирини камайтиришда қўллаш мумкин.

Буйракдан тош тушириш, псориаз, экзема, терини тозалаш, жигарни тозалаш ва касалликларни даволаш хусусияти Ибн Сино адабиётларида алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Асаб тизимидаги бузилишлар ва тутқаноқни даволашда жуда самарали эканлиги, тиш оғриғи, мушак бўғимдаги оғриқлар, артрит, остеохондрозда жуда яхши натижа бериши маълум. Шарқ табобатида мастопатия, бепуштлик, жинсий ожизликни даволашда ишлатилган. Замонавий тиббиётда қатор онкологик касалликлар, бачадон миомаси, простата бези аденомасида ижобий натижалар қайд этилаётгани баён қилинмоқда.

Коврак ўсимлиги томир тортиши, ўпка сили, ўлат, захм, кўк йўтал каби бошқа хасталикларни даволовчи доривор ўсимлик ҳисобланиши билан бирга инсонга қувват берувчи, энергетик балансни ва тонусни тикловчи восита ҳам ҳисобланди.

Яна бир муҳим жиҳати баҳор фаслидаги эт узилди даврида турли фойдали витаминлар, микроэлементлар ўрнини тўлдириш билан организмни тўпланиб қолган зарарли шлаклардан, хилтлардан тозалайди, руҳий тетиклик беради.

Ана шулар боис тажрибали табиблар, шифокорлар ковракни ҳаётбахш женшендан устун ҳисоблашган.

Булардан ташқари, Шарқ мамлакатларидан Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистонда коврак елими ва илдизи кулинарияда зиравор сифатида, косметика саноатида атторлик воситалари ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Хитой, Ҳиндистон ва бошқа Осий давлатларида коврак маҳсулотларидан таом тайёрлашда кенг қўлланилади. Коврак смола елимидан олинган кукуни зиравор сифатида, пиёз ва саримсоқ ўрнини босувчи сифатида таомга қўшилади. Овқат ҳазм қилишни кучайтириши сабабли, ҳинд халқида коврак қўшилса, ошқозон михни ҳам ҳазм қилиб юборади, деган машҳур ибора юради. Ҳазм бўлиши қийин бўлган таомларни тайёрлашда таомга албатта қўшилади. Иштаҳани очиш билан бирга дам ҳосил бўлиш, кекиришни хам йўқотади.

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, коврак ўсимлигини шифобахш доривор ўсимлик сифатидаги хусусиятларини халқимизга кенг етказишимиз зарур. Бундан ташқари, халқ табобати соҳасида мутахассислар билан бир қаторда шифохоналарда фаолият кўрсатиб келаётган врачларимиз даволаш амалиётида кенг қўллашлари жуда муҳим ҳисобланади.

Коврак ўсимлигининг шифобахшлигидан фармацевтика саноатида унга талаб ортиб бормоқда, дунё бозорида ҳам бу маҳсулот харидоргирлиги юқорилигича қолмоқда.

Шундан келиб чиқиб вилоятимизда коврак етиштириш учун кулай иқлим шароити мавжудлиги, кам сарфли экинлиги боис плантациялар ташкил қилиб, мавжудларини янада кенгайтириш алоҳида аҳамиятга эгадир.

Табиий ҳудудларда ўсувчи ковракни эса асраб- авайлаш, йўқолишига олиб келувчи ҳар қандай ҳаракатларга йўл қўймаслик ҳам долзарб масаладир. Энг муҳими, коврак етиштириш, қайта ишлаш сердаромад бўлиб, уни ривожланиши, янги иш ўринлари яратилиши иқтисодиётимизга ижобий самара беради.

13 090
ЎзА