ЎзА Ўзбек

31.07.2018 16:48 Чоп этиш версияси

Коррупциянинг илдиз отишида ўзимиз айбдормиз!

Коррупциянинг илдиз отишида ўзимиз айбдормиз!
Чўнтакнинг таги кўриниб қолган бир пайтда соғлигимда муаммога йўлиқдим. Дарднинг топган вақтини қаранг. Хуллас, иссиқданми, бошқаданми соғлигимда сезиларли ўзгаришлар юз берди.

Докторга борай десам пул йўқ, бормай десам оғриқ азоб беряпти. Бировдан қарз сўрашга ийманиб, бор пулимни чўнтакка солиб шифохонага йўл олдим. Хаёлимда фақат бир ўй, доктор ташхисдан кейин “хизмат ҳақи”ни кўп сўрамасин-да. Уларга насия қилиб бўлармиди.

Тошкент шаҳар Чилонзор туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туманлараро 2-сон Тери-таносил касалликлари диспансери рўйхатхонасида очиқ юзли ҳамширага юзландим. Дардимни айтдим, у бир қанча қоғоз тўлдириб шифокорга йўналтирди. Ундан шифокорнинг хизмат ҳақи қанча, деб сўрамоқчи бўлдим, аммо навбат кутиб турганлардан уялдим. Худдики танамдаги оғриқ эмас, чўнтагим енгиллиги, шифокор кўпроқ сўраса нима қиламан каби ўй мени қийнарди. Зиналарни бир-бир босиб иккинчи қаватга кўтарилдим. Ёнимдан ўтиб-қайтиб юрган ҳамшира, шифокорлар “ана, яна бир мижоз келди” дегандек бўляпти хаёлимда. Докторга ишинг тушмасин экан, маслаҳатига фалон пул олади, бир қанча анализ топширишингни айтади. Анализларни текинга топшираман, деб хомтама бўлма, анча-мунчага тушасан. Бу ҳам етмагандек бир дунё дори ёзиб беради, деб эшитганим бор.

Докторнинг ширин каломи, соғлиғимдаги салбий ўзгаришдан мендан-да кўпроқ қайғуриши “бадавлат бемордан” кўпроқ умид қилаётгандек таассурот уйғотади-я одамда. Анализлар топширдим, ташхис қўйилди, дорилар ёзиб берилди. Энди мақсадга ўтади... Қарасам жим. Ҳожатимизни чиқарганларни қуруқ қўймаймиз, ахир “қўл ҳақи” деган нарсалар бор. Минг ўйланиб, “Доктор хизмат ҳақи қанча бўлди?” деб сўрадим у балога қолдим. “Қанақа одамсиз, ўзларинг енг ичида узатасизлар-да, яна доктор пул олди, деб оламга жар соласизлар. Нима сиздан пул сўрадимми? Кетаверинг, тиббиёт муассасамизда барча хизматлар бепул. Ёқмаса, пулли жойга боринг.” 

Ўйлаб қарасам, коррупциянинг илдиз отишида ўзимиз айбдор эканмиз. Туғуруқхонада ҳамширадан тортиб қоровулгача “суюнчи” пули берамиз. Қайсидир шифохонада бемор ётган яқинимга ҳамширалар яхшироқ қарасин, деб чўнтагига “атаганимизни” солиб қўямиз. Никоҳдан олдиндан тиббий текширувлардан ўтиш ўрнига ҳамшираларга “ҳал қилиб беринг, рози қиламан” деб пора олишга ундаймиз. Ўқишга киришга билимимиз етмаслигини билиб қинғир йўлларни излаймиз-да, алданиб қоламиз. Яқинда интернет сайтларидан бирида ўқиб қолдим, мактаб директори биринчи синфга ўқувчи қабул қилиш учун пора олаётганда далиллар билан ушланибди. Бундай мисоллар кўп, номма-ном санаш фикридан йироқман. Нима, сўраса қўш қўллаб беравериш керакми? Ахир жазо муқаррарлигини била туриб 2017 йил 3 январда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунни ўзимиз бузяпмиз-ку! Қонундан ҳам аввал виждонимиз уйғоқ бўлиши керак эмасми? Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асарида шундан жумлалар бор: “Нега?! Нега мен пора беришим керак? Нега?! Порани ҳаром одам беради, билдингми! Порани ҳаром одам олади! Билдингми?! Порани имонсиз одам имонсиз одамга беради! Тушундингми?! Нега мен ўз имонимни сотиб порахўрга ялинишим керак? Нега?” Шу саволни ўзимизга бериб кўрайлик. Ўйлайманки, хаёлимизда ўрнашиб қолган “хизмат ҳақи қанча” дейишни бас қиламиз.

Хуршид Қодиров, журналист
4 952