Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2018 11:30 Чоп этиш версияси

Коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилаётганига қарамай, минг афсуски, МАНСАБДОРЛАР ПОРА ОЛИШДА ДАВОМ ЭТМОҚДА

Коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилаётганига қарамай, минг афсуски, МАНСАБДОРЛАР ПОРА ОЛИШДА ДАВОМ ЭТМОҚДА
"Ёмонликнинг тури кўп, бироқ уларнинг ичида энг хавфлиси таъма ва илмсизликдир" Буюк аждодимиз Абу Райҳон Берунийнинг бу ҳикматли сўзлари бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган.

Зеро, таъмагирлик, бошқача айтганда порхўрлик иллати ҳамон мавжуд бўлиб, бу жамият тараққиётига хавф солаётган омиллардан бири саналади. Чунки қаерда бу иллат мавжуд бўлса, ўша ерда ноҳақлик илдиз отади. Бу эса ҳалол меҳнат қилаётган кишиларнинг манфаатига зид ҳолатлар содир бўлишига, уларнинг ишга бўлган иштиёқи сўнишига олиб келади.

Инчунун, бу иллатни кўпроқ қўлидан иш келмайдиган, илмсиз ёки иқтидори йўқ кишилар содир этади.

Шу нуқтаи назардан зиммасига масъулиятли вазифалар юкланган мансабдор шахсларнинг порахўрликка, яъни коррупцияга йўл қўйиши муроса қилиб бўлмайдиган ҳолдир. Бундай ҳолатларга қарши жамиятимизда муросасиз кураш олиб борилаётганига қарамай, минг афсуски, мансабдорлар пора олишдан кўз юма олмаётир.

Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги “Баркамол авлод” болалар маркази директори Ф.Н мансабдор шахс бўла туриб, таъмагирлик жиноятига қўл урди. У Севара Ўткировани марказга инглиз тили тўгараги раҳбари вазифасига ишга қабул қилиш эвазига хизмат хонасида, қонунга хилоф эканлигини била туриб 850 минг сўмни пора тариқасида олаётган вақтида ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланди.

Олий суд матбуот хизматидан маълум қилишларича, ушбу ҳолат юзасидан порахўр қонун олдида жавоб берган. Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Нишон тумани судининг ҳукмига кўра, у таъмагирлик йўли билан пора олганликда (Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан) айбдор деб топилган. Ф.Н нинг озодлиги чекланган ва қўшимча жазо тариқасида муайян ҳуқуқлардан маҳрум этилган.

Норгул Абдураимова, ЎзА
6 661