ЎзА Ўзбек

08.09.2018 17:13 Чоп этиш версияси

Коррупцияга қарши курашган лейтенант 2 миллион сўм билан мукофотланди

Коррупцияга қарши курашган лейтенант 2 миллион сўм билан мукофотланди
Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати

Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги Ёшлик маҳалласи ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспектори, лейтенант Шуҳрат Муҳамедовга ҳудудда яшовчи фуқаро мурожаат қилади.

Мурожаатда А.Азларов таниши Ж.Абдусатторовни (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) бир аёл билан никоҳлагани билдирилади. Масаланинг ёмон томони, Ж.Абдусатторовнинг оиласи борлигини била туриб А.Азларов яширинча никоҳ ўқийди.

Дастлабки суриштирувларга кўра, барчаси ўз исботини топади. Қилмишининг миси чиққан А.Азларов хавотирга тушиб, ишни бости-бости қилиш чорасини излайди. Профилактика инспектори, лейтенант Шуҳрат Муҳамедовга 500 минг сўм пора таклиф қилади.

Навоий вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича, профилактика инспекторининг билдиргиси асосида шу куннинг ўзидаёқ ўтказилган тезкор тадбир натижасида фуқаро А.Азларов 300 минг сўм миқдоридаги пулларни пора сифатида бераётган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинади. Мазкур ҳолат юзасидан 2018 йил 5 сентябрь куни фуқаро А.Азларовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлашда Ички ишлар вазирлиги ҳам коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда вазирлик тизимида хизмат олиб бораётган ходимларнинг фаолиятида порахўрлик ва тамагирлик билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хизмат фаолиятини суиистеъмол қилиб, пора олганлиги аниқланган ходимларга нисбатан қонун талаблари асосида муросасиз чоралар кўрилмоқда. Шу билан бирга, тизимдаги ходимлар орасида ўз вазифасига сидқидилдан ёндашиб, хизмат бурчини барча нарсадан устун қўядиган ходимлар доимий равишда муносиб рағбатлантириб келинмоқда. Бу эса соҳа ходимларини ватанпарварлик, эл-юртга содиқлик руҳида хизмат олиб боришида муҳим омил бўлмоқда.

Хусусан, ўз хизмат вазифасига виждонан ва сидқидилдан ёндашиб, қонунчилик бузилишининг олдини олиш, фуқаролар орасида ички ишлар органлари ходимларига нисбатан бўлган ишончнинг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшганлиги ҳамда юксак касб маҳоратини намоён этганлиги учун маҳалла профилактика инспектори лейтенант Шуҳрат Муҳамедов 2 миллион сўм пул билан мукофотланди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
6 974