Короновирусга қарши энг яхши вакцина
Бироқ ана шундай кунларида юртимиз аҳли бошига оғир синов тушган.
Баҳор — оламу одамга хушнудлик улашувчи, инсониятни орзуларга чорловчи, тириклик аталмиш бебаҳо неъматни қадрлашга, маъмурчиликка, зироату тижоратга йўлловчи, саховат, мардлик, фаравонлик сари етакловчи фасл.
Бироқ ана шундай кунларида юртимиз аҳли бошига оғир синов тушган. Коронавирус билан боғлиқ вазият барчамизни ақлу фаросат, одобу диёнат, босиқлик ва вазминлик билан иш кўришга ундамоқда. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, саросима ва ваҳима кайфиятига берилмаслик керак... Аксинча, янада жисплашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни енгиб ўтишимиз жоиз.
Ахир оламни яхшилик қутқаради, деган қадим ҳикмат бор халқимизда. Катталарнинг гапига қулоқ тутиш, улуғларнинг сўзларига риоя қилиш каби гўзал фазилатларимиз ҳам ҳали бардавом. Шундай экан, нега “Уйда ўтиринг, оғзингизга ниқоб тақиб юринг, қўлингизни тез-тез ювиб туринг” деган оддий талабларга амал қилишниям уддалай олмаяпмиз гоҳида?!
Бу ҳақда мушоҳада қилар эканман, давлатимиз раҳбарининг яқинда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, томорқачиликни ривожлантириш масалаларига доир видеоселектор йиғилишида айтган қуйидаги сўзлари қулоқларим остида жаранглайверади: “Бутун дунёнинг бошига тушган бу мураккаб синовдан биз, худо хоҳласа, янада кучли бўлиб, бир-биримизга меҳримиз янада зиёда бўлиб, албатта, ёруғ юз билан ўтиб оламиз. Фақат тартиб-интизомга қатъий риоя қилиб, ўринсиз ваҳимага тушмасак, тушкунликка берилмасак, марра бизники бўлади.”
Бу — чақириқ, бу — умид, бу — ишонч!..
Инсониятнинг вужудидан жой олаётган кўринмас дард эртами, индинми чекиниши тайин. Лекин, ҳаёт бугундан иборат эмас. Эртанги ризқимизни бунёд қилиш учун ҳаракат зарур. Деҳқон бугун даласига уруғ қадамаса, соҳиби хонадон томорқасига экин экмаса, ҳақиқий ташвиш кейин бошланиши мумкин. Зеро, буюк бобомиз Алишер Навоий бу ҳақда шундай лутф этган:
“Олам маъмурлиғи алардин, олам аҳли масрурлиғи алардин...
Деҳқонки дона сочар, ерни ёрмоқ била ризқ йўлин очар... Ҳар қаён қилсалар ҳаракот, элга ҳам қут еткарур, ҳам барокот... Деҳқонки тузлук била дона сочар, ҳақ бирига етти юз эшигин очар... Қурту қуш андин баҳраманд... Мўрлар уйи андин обод... Кабутарларға андин мастлиқ, тўрғайларға андин нишотға ҳамдастлиқ... Фуқаро ризқи андин вофий, ғурабо қути андин кофий”.
Кўряпмизки, миришкор деҳқонларимиз меҳнати нақадар улуғ ва нақадар зарурат. Шу боис, давлатимиз, ҳукуматимиз ер билан тиллашадиган заҳматкаш юртдошларимизнинг шундай оғир кунлардаги ҳиссасига катта умид боғлаётир. Томорқаларимизда етиштириладиган турфа ноз-неъматлар дастурхон тўкинлигига, бозорларимиз мўл-кўллигига хизмат қилсин, деган эзгу мақсад бор бунинг ортида.
Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ, дейди донолар. Бу нақл айнан ҳозирги пандемия шароитидаги мураккабликларга қарата ҳам айтилгандек гўё. Зотан, сабрда ҳикмат кўп. Саломатлигимизга, ҳаётимизга дахл қилаётган тождор вирусга қарши энг яхши вакцина шу!
Исҳоқхон Носиров,
меҳнат фахриси.