ЎзА Ўзбек

01.08.2020 Чоп этиш версияси

Коронавирусга қарши вакцинани қайси давлат биринчи ишлаб чиқаради?

Коронавирусга қарши вакцинани қайси давлат биринчи ишлаб чиқаради?

COVID-19 вирусига қарши тезлик билан ишлаб чиқилаётган вакцина хавфли эмасми? Вакцинани ким биринчи бўлиб ишлаб чиқади? Ахборот майдонидаги ишончли манбалардан ушбу саволларга жавоб топишга уриниб кўрдик.

Бир қанча давлатларда COVID-19га қарши вакцина тайёрлаш жараёни якунига етмоқда. Кўпгина давлатлар коронавируснинг иккинчи тўлқинида вирусга қарши вакцина билан ҳимоя қилинишга умид қилмоқдалар. Жиддий савол туғилади, рекорд даражадаги қисқа муддат ичида ишлаб чиқилаётган вакцина самарали бўладими?

Россия қисқа муддат ичида вакцина устидаги ишларини якунлашини бир неча маротаба маълум қилди. Россиянинг Бош вазир ўринбосари Татяна Голикованинг таъкидлашича ҳозирда вакцина бўйича иккита самарали тадқиқот мавжуд. Улардан бири Гамалеи номидаги Москва эпидемиология институти ва мамлакат Мудофаа вазирлиги ҳамкорлигида олиб бораётган тадқиқотдир.

Голикованинг сўзларига кўра ушбу институт сентябрда вакцина ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши керак. Россиянинг вакцина устидаги иккинчи тадқиқоти Новосибирскнинг «Вектор» марказида олиб борилмоқда. «Вектор» маркази вакцинани сентябрда рўйхатдан ўтказиб, октябрь ойида ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.

Йил якунига бориб, АҚШнинг "Мoderna" компанияси ҳам вакцина ишлаб чиқара бошлашини маълум қилган. Ушбу марказ вакцинаси ҳозиргача 30 минг нафар кўнгиллиларда синаб кўрилган.

Вакцина самарали ва хавфсизлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилингач, марказ 10 миллиондан ортиқ миқдорда вакцина ишлаб чиқариши кутилмоқда.

2020 йил сўнггида Англиянинг Оксфорд университети вакцинаси ҳам тайёр бўлиши кутилмоқда.

Баҳорда тадқиқотчилар вакцина ишлаб чиқиш ишлари бир йил муддатдан кам бўлмаслигини таъкидлаган эдилар. Эндиликда қисқа муддат ичида коронавирусга қарши вакцина тайёр бўлгани айтилмоқда. Бу вакциналар хавфли ва самарасиз эканлигини англатмайдими?

Мазкур саволга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги халқаро вакциналар ишлаб чиқариш институти ходими Михаэл Фаворов "Euronews" телеканали мухбирига қуйидагича жавоб берган.

«Бу саволга аниқ жавоб бериш қийин. Чунки, шу вақтгача ҳеч қачон бунчалар қисқа вақт ичида вакцина ишлаб чиқилмаган ва табиийки унинг натижаси ҳам кузатилмаган. Бироқ, технологиялар ўзгармоқда. 10 йил аввал иложи йўқ бўлган ишлар бугун оддий ҳолга айланмоқда. Вакцинанинг биринчи фаза синовлари кўпинча осон кечади. Энг қийини ва асосийси иккинчи фаза ҳисобланади. Иккинчи фазада вакцина олганларни олти ой давомида кузатиш лозим. Бу фаза синовлари тўлиқ Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти меъёрлари асосида ўтказилиши шарт», дейди институт илмий ходими Михаил Фаворов.

Илмий ходимнинг қайд этишича, вакцина синов жараёнлари узоқ муддат талаб этгани сабаб ноябрь ва ҳатто январь ойларида ҳам оммавий равишда одамларни эмлаш жараёни бошланмаслиги мумкин. Унинг фикрича синовлар тугагач, вакцина ишлаб чиқариш жараёни ҳам маълум вақт талаб қилади. Ҳамда вакцина тайёр бўлгунича қўйилган талаблар, бир нечта фазали синов жараёнлари уни тўлиқ хавфсизлигини таъминлаб беради.

Шунингдек, Михаил Фаворов"Euronews"га берган интервьюсида Россиянинг Гамалеи номидаги институти ишлаб чиққан вакцинани кўрмагани ва уни самарадорлигини исботлаб беришмаганини маълум қилган. Унинг фикрича мазкур институт вакцинани ҳайвонларга қилиб кўрмасдан, тўғридан-тўғри одамларда синай бошлаган.

Шу билан бирга тадқиқотчи куз фаслида вируснинг иккинчи тўлқини бошланиши эҳтимоли юқори эканлигини айтмоқда. «Кўпинча респираторли яъни нафас йўли вируслари куз, қиш фаслларида кучайиши кузатилади. Коронавирус ҳам бундан мустасно бўлмаслиги мумкин», дейди Михаил Фаворов.

13 484
ЎзА