ЎзА Ўзбек

01.08.2020 Чоп этиш версияси

Коронавирусга қарши барча чоралар кўрилмоқда

Коронавирусга қарши барча чоралар кўрилмоқда

Бухоро туманида ҳам Covid-19 касаллигининг олдини олиш ва тарқалиб кетишига йўл қўймаслик бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

—Айни вақтга қадар, туманда Covid-19 вируси билан касалланган фуқаролар сони 28 нафар бўлиб, шундан 8 нафари соғайиб ўз оиласи бағрига қайтди, - дейди Бухоро тумани ҳокими Қаҳрамон Дўстов. - Ушбу касаллик туфайли 1 нафар бемор шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамасдан, ҳаётдан кўз юмди. Бугунги кунда туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимида 19 нафар фуқаролар стационар даволанмоқда. Уларнинг 2 нафарида касаллик оғир кечмоқда. Қолган 17 нафар фуқароларнинг аҳволи қониқарли.

Ҳозирги кунда жами 320 нафар фуқаро уй шароитида карантинга олинган бўлиб, туманнинг 4 та секторидаги қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларида ташкил қилинган мобил гуруҳлар ҳамда шифокорлар назоратига олинган.

Бироқ мамлакатимизда коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик вазият оғирлашаётгани, аҳолининг касалланиш даражаси ошиб бораётгани сабабли кўрилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш зарур. Шу мақсадда туман кўп тармоқли поликлиникасида “CALL - SЭNTR” фаолияти йўлга қўйилди. Марказда 95-604-55-60 рақамли телефон фаолият юритмоқда. Ушбу марказда туман тиббиёт бирлашмаси тизимидаги тиббиёт муассасаларининг, олий малакали шифокорлари туну кун, узлуксиз фаолият кўрсатмоқда. У ерда бугунги кунгача жами 70 та мурожаат қабул қилинди ва аҳолига керакли тиббий маслаҳатлар берилди.

Бундан ташқари, туманда коронавирус инфекцияси клиник кўринишлари билан мурожаат қилиб келаётган беморларни даволаш мақсадида ҳудудда жойлашган «Ёш пахтакор» болалар оромгоҳида қўшимча 100 ўринли муассаса тайёрланди.

Тиббий муассасаларда 2 та рентген хонаси, 1 дона сунъий нафас бериш аппарати, 5 дона кислород концентратори, 35 дона кислород баллонлари ҳамда 1 дона портатив рентген аппарати мавжуд.

Туманда жами 12 та тез тиббий ёрдам автомашиналари мавжуд бўлиб, ҳозирги вазиятни инобатга олиб, қўшимча 4 та мобил гуруҳлар ташкил этилди.

Covid-19 касаллиги билан даволанаётган беморларга кислород таъминотини яхшилаш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 10 дона кислород концентраторлари сотиб олиш бўйича шартномалар имзоланди.

Тумандаги карантин тиббиёт муассасасида коронавирус пандемиясига қарши курашишда 11 нафар шифокор, 19 нафар ҳамшира, 9 нафар кичик тиббий ходим ва 2 нафар СEС ходимлари ўз соғлиғини аямасдан, халқ олдидаги масъулият, ватанпарварлик, фидойилик каби хислатларни намоён этмоқда. Бугунги кунда тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган шифокор ва ҳамширалар етарли. Уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида тегишли чоралар кўрилган.

Барчамизни безовта қилаётган ва аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган муаммолардан яна бири бу дори-дармон воситаларининг таъминотидир.

Тумандаги «Дори-дармон» МЧЖ тасарруфида 23 та ижтимоий ҳамда 51 та хусусий дорихоналарда коронавирус профилактикаси учун зарурий дори-дармонларга талаб юқори эканлиги кузатилмоқда.

Бу борада туман ҳудудида жойлашган барча дорихоналар раҳбарлари билан йиғилиш ўтказилиб, бунда биринчи навбатда зарур бўлган дори воситалари билан таъминлаш, дори воситаларини энг камида 3 ойлик захирасини яратиш ҳамда вазиятдан фойдаланиб, дори воситаларининг нарх-навосини ошириб юбормаслик бўйича қатъий чоралар кўрилган. Ҳозирда туманда COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш жараёни учун 600 та беморга етадиган, умумий қиймати 297 миллион сўмлик 49 турдаги дори воситалари захираси шакллантирилган.

Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан 2020 йилнинг 10 июлидан 15 августга қадар карантин тадбирлари кучайтирилганлиги муносабати билан туман маркази ва Бухоро шаҳрига автотранспорт воситаларининг кириб чиқишини белгиланган тартибда чеклаш мақсадида 3 та блок-постлар ўрнатилди. Мазкур блок-постларда транспорт воситалари мунтазам дезинфекция қилинмоқда.

Туман фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда туман СEС ходимлари билан ҳамкорликда, туман марказий деҳқон бозори ва маҳалла фуқаролар йиғинларидаги кўчаларда ҳам мунтазам равишда дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда.

Аҳоли орасида ортиқча ваҳима уйғотмаслик, бозорлардаги нарх-наволарнинг сунъий равишда ошиб кетишини олдини олиш мақсадида туман давлат солиқ инспекцияси ва бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг туман ходимлари иштирокида тузилган ишчи гуруҳи томонидан туман марказий деҳқон бозори ҳамда ҳудудлардаги савдо мажмуаларида назорат тадбирлари ташкил этиб келинмоқда.

1 556
Зариф Комилов, ЎзА