ЎзА Ўзбек

23.06.2020 Чоп этиш версияси

Коронавирус тарқалишига йўл қўйган раҳбарлар лавозимидан озод этилиши мумкин​

Коронавирус тарқалишига йўл қўйган раҳбарлар лавозимидан озод этилиши мумкин​
“COVID-19” вируси тарқалишидан аҳоли саломатлигини асраш мақсадида мамлакатимизда ҳам карантин қоидалари жорий этилди.

Таъкидлаш жоизки, карантин пайтида давлат томонидан ўрнатилган таъқиқларга нисбатан бепарволик ва бефарқ муносабат қатъий ва амалий чоралар, хусусан, жиддий жавобгарлик чоралари кўрилишини талаб қилади.

Бироқ, кимдир унга риоя этиб ўзи ва яқинларининг хавфсизлигини муҳофаза қилишда ҳисса қўшмоқда. Яна кимдир эса бундай тартиб ва чекловларга лоқайдлик, беписандлик билан қараб, «ўз билганидан қолмай» юрибди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясидан олинган маълумотларга кўра, юртимизда коронавирус инфекциясига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилгани, яъни жорий йилнинг 24 мартидан 20 июнгача бўлган даврда ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган рейдларда аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича 223 мингта ҳолатда маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Улардан қарийб 109 минг ҳолат ниқоб тақмаслик билан боғлиқ бўлса, мумкин бўлмаган муддатларда автомобиллар билан карантин қоидаларини бузганлар 12 мингдан ошиб кетди. Ниқоб тақмаслик борасида энг пешқадам Тошкент вилояти аҳолиси бўлиб, қоидабузарлар сал кам 26 минг нафарга етди. Бу кўрсаткич Навоий вилоятида энг кам бўлиб, 83 тани ташкил этган.

Маълумотларга кўра, амалдаги тартибга кўра карантин қоидасини бузган фуқароларга нисбатан жиноий ва маъмурий жавобгарлик каби чоралари белгиланган. Хусусан, МЖтКнинг 54-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача, мансабдор шахслар эса эллик бараваригача бўлган миқдорда маъмурий жаримага тортилган.

Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ кучайтирилган санитария-гигиена назоратини таъминлашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва Транспорт вазирлигига автобус рейсларида тирбандликка йўл қўймаслик ҳамда бошқа санитария-эпидемиология талабларига қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш топширилди.

Шунингдек, фаолиятига рухсат берилган тадбиркорлик субъектларида ҳам белгиланган тартибларга тўлиқ амал қилинмаётгани қайд этилиб, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясига жамоат жойларида санитария-эпидемиология талабларига риоя этилиши устидан назорат тадбирларини мунтазам равишда кучайтирилган тартибда ташкил этиб бориш юклатилди, дейилади комиссия қарорида.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тегишли ҳудудда карантин қоидаларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш учун шахсан жавобгар эканликлари белгиланди.

Бунда тегишли ҳудудда карантин талабларини таъминламагани туфайли фуқароларга коронавирус инфекцияси тарқалишига йўл қўйган раҳбарларга лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий таъсир чораси қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилган.


8 974
ЎзА