ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Коронавирус пандемияси даврида нархларни асоссиз оширганлар жавобгарликка тортилади

Коронавирус пандемияси даврида нархларни асоссиз оширганлар жавобгарликка тортилади

Маълумки, дунёнинг 200 га яқин давлатига кириб борган коронавирус Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Жорий йилнинг 15 март куни Республика Вирусология институти лабораториясида Франция Республикасида бўлиб қайтган 1 нафар Ўзбекистон фуқаросида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланган эди. Ҳозирда эпидемиологик суриштирув ҳамда касалликни тарқалиб кетмаслиги учун профилактик чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 15 март куни коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида “Ўзбекистон ҳукумати карантин вақтида нарх-навони асоссиз ошириш ҳолатларига қарши кескин чоралар кўради. Дори воситалари нархи ошиши мумкин. Бозорларда, дўконларда ҳам нарх ошиб кетиши мумкин. Лекин бунга қарши жиддий курашилади” деб таъкидлаган. Президентимиз топшириғига асосан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Давлат солиқ қўмитаси буни жуда қаттиқ назорат қилади. Нарх-наво бўйича ҳамма қаттиқ огоҳлантирилмоқда, ўйин қилмоқчи бўлганлар жиноий жавобгарликка тортилади. Бу халқ бошига тушган синов. Бу вазиятдан биргаликда чиқиб кетишимиз мумкин. Коронавирусдан ваҳимага тушишга ҳеч қандай сабаб йўқ. Давлатимиз унга қарши туриш учун керакли чора-тадбирларни амалга оширган. Барча захиралар яратилган ва тиббиёт ходимлари шай ҳолатда. Пандемияга қарши кураш тажрибаси хорижнинг илғор давлатларидан ўрганилмоқда. Фуқароларимиз лозим бўлган барча озиқ-овқат ва тиббиёт воситалари билан таъминланади. Халқимизнинг бошига тушган синовдан фойдаланиб, нархни сунъий ошириб оладиган қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар учраса, улар ҳатто жиноий жавобгарликка қадар тортилади” деб таъкидланган.

2020 йил 18 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халққа мурожаат қилди. “Озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун барча чоралар кўрилмоқда. Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бу борадаги ишларни кучайтириши керак”лиги таъкидлаб ўтди. Бундан ташқари дин пешволари ва уламолар ҳам халқнинг бошига кулфат тушганида нархни ошириб даромад қилиш гуноҳ эканлиги ва юқмаслигини таъкидлаб ўтишмоқда.

Қандай назорат тадбирлари ўтказилмоқда?

Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров томонидан “УЗРЕПОРТ ТВ” телеканалида жонли эфирда ўтказилган брифингда 23 мингдан ортиқ объектлар дорихона ва савдо объектларда нарх ошмаслиги бўйича назорат олиб борилганлиги, 4603 та мурожаатдан 10 фоизига чора кўрилиб, қолганлари 80 фоизи ўз жойида бартараф этилгани айтилган. Аниқланган 452 та ҳолатда ноқонуний тадбиркор сифатида фаолият кўрсатиб ниқоб билан савдо қилган фуқаролардан 623 млн. сўмлик ниқоблар давлат ихтиёрига олиб қўйилди. Тиббий ниқоблар савдоси барқарорлаштирилгани ва нарх-навонинг асоссиз оширилиши бўйича тушаётган мурожаатлар 4-баробарга камайганлиги таъкидланган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида ўтказилган тадбирларда 123 минг 431 дона, умумий қиймати 311 млн. сўм 200 минг сўмлик ҳеч қандай сифат сертификатига эга бўлмаган тиббий ниқоблар, 2 минг 616 дона, умумий қиймати 104 млн. 640 минг сўмлик пахта ёғи ҳамда 7 минг 932 кг., умумий қиймати 29 млн. 400 минг сўмлик картошка ноқонуний равишда савдога қўйилгани аниқланган. ДСҚнинг 71-244-98-98 ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкин.

Дори-Дармон акциядорлик компанияси дорихоналарида бир марталик тиббиёт ниқоби нархи 600 сўм, докали тиббиёт ниқоби 1300 сўмдан сотилиши агарда оширилиб сотилаётган бўлса, Ишонч телефони 99878 120-16-61 рақамига мурожаат қилиш белгиланган.

Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 20 мартдаги “Тиббий буюмлар рўйхатига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги 114-сонли буйруғи билан юз ниқоблари Тиббий буюмлар рўйхатидан чиқарилди ва СК-243 моддасига мувофиқ қўшилган қиймат солиғидан озод этилди.

Афсуслар бўлсинки, аҳолимизнинг ваҳимага тушиши ҳамда озиқ овқат ва истеъмол товарларига бўлган талабни ошиши натижасида, ноинсоф тадбиркорлар томонидан нархлар асоссиз равишда ошириб сотилмоқда. Масалан, дорихоналарда 500-600 сўм бўлган ниқоблар нархи ҳалигача 2-3 минг сўмдан, транспорт такси, бозорлар ва дўконларда мева, сабзавот, гўшт ва сут маҳсулотлари ҳам нархи сезиларли даражада оширилганлиги, шунингдек озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ошганда сифатсиз ва истеъмолга яроқлилик муддати ўтган маҳулотлар ҳам сотилганини гувоҳи бўлмоқдамиз.

Таъкидлаш жоизки, телевидение ва ижтимоий тармоқларда санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик, меҳнат қонунчилигини бузиш ва бошқа ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган жавобгарлик чоралари ва миқдорлари маълум қилинмоқда. Лекин, нархларни асоссиз равишда оширилиши юзасидан қандай жавобгарлик борлиги халққа ва тадбиркорларга етказилмаяпти. Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида қонунчиликни ўрганган ҳолда қуйидагиларни маълум қилмоқчимиз.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари” тасдиқланган. Мазкур қарорда савдо қоидалари бузилиши турлари ва уларни бузганлик учун қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноий кодексига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган:

нархларни асоссиз равишда ошириш;

товарлар, маҳсулотларни нотўғри ўлчаш, нотўғри тортиш ёки хизматлар кўрсатмаслик;

товарлар, маҳсулотларни (хизматларни) чек (квитанция, счёт) бермасдан сотиш;

харидорга товарнинг сифати, бутлиги, ўлчами, оғирлигини текшириш имконияти яратишдан бош тортиш;

харидорга узоқ муддат фойдаланиладиган сифати, ёмон товарни таъмирлаш ёки алмаштириш даврида яхши сифатли ана шундай товарни беришдан бош тортиш;

пластик карточкалардан фойдаланилган тўловни қабул қилишдан бош тортиш;

тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартибига;

назорат-касса машиналарини, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассаларни қўллаш тартибига;

сифатсиз, бут бўлмаган товарларни, кулинария буюмларини ва атайин ностандарт маҳсулотларни сотиш, шунингдек харидорга сотилган сифатсиз, бут бўлмаган товарни алмаштириб беришдан ёки пулларни қайтариб беришдан бош тортиш;

товарларни уларнинг сифатини ва ишлаб чиқариш маркасини тасдиқловчи ёки сертификацияланган маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларсиз сотиш;

ишлаб чиқариш маркасида ёки товар белгисида тайёрловчининг номи ва жойлашган ўрни тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган товарларни сотиш;

яроқлилик муддати ўтган товарларни сотиш ва х.к.

Жавобгарлик чоралари қанча миқдорда?

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 164-моддасига мувофиқ, Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш:

- фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини анча миқдордаги қийматда бузиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини кўп миқдордаги қийматда бузиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан эллик бараваригача, мансабдор шахсларга эса — қирқ бараваридан саксон бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Эслатиб ўтамиз — анча миқдор деганда базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган доирадаги, кўп миқдор деганда эса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлган доирадаги миқдор тушунилади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 168-моддасига мувофиқ, Бозорларда савдо қилиш қоидаларини бузиш:

-фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бир қисми, мансабдор шахсларга эса — иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекснинг 189-моддасига мувофиқ, Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш:

Товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидалари бузилишининг оқибатларини бартараф этган ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекснинг 190-моддасига мувофиқ, Фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш:

Лицензия олиниши шарт бўлган фаолият билан махсус рухсатнома олмасдан шуғулланиш кўп миқдорда даромад олиш билан боғлиқ бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача муддатга ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша ҳаракат:

а) жуда кўп миқдорда;

б) хавфли рецидивист томонидан;

в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, – базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари билан жазоланади.

Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш оқибатларини бартараф этган ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сонли фармони қабул қилинди ва 10 трлн сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди.

Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулай ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантириш, солиқ юкини камайтириш ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини камайтириш мақсадида бир қатор солиқ имтиёзлари белгиланди.

Фармонга кўра, 2020 йилнинг 1 апрелидан 1 октябрига қадар:

якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг энг кам миқдори ойига БҲМнинг 50 фоизига камайтирилади;

алкоголь маҳсулотлари билан улгуржи савдо қилувчи корхоналарнинг ажратмалари 5 фоиздан 3 фоизга камайтирилади;

алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун умумий овқатланиш ташкилотларининг йиғим миқдори белгиланган миқдордан 25 фоизга камайтирилади.

2020 йилнинг 1 апрелидан 1 июлига қадар туристик (меҳмонхона) йиғим ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилади.

Қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларни суғоришда фойдаланилган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун ҳажмлар бўйича солиқ ставкалари 2020 йилда белгиланган ставкаларнинг 50 фоизига камайтирилади.

Жисмоний шахсларнинг 2019 йил учун йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддати 2020 йил 1 августгача узайтирилади.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш муддати2020 йил 15 октябргача узайтирилади.

2020 йил 1 апрелдан жисмоний шахсларнинг хайрия ташкилотларидан моддий манфаат кўринишида оладиган даромадлари солиққа тортишдан озод этилади.

Туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашларига фаолияти туризм соҳасига бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслар даромад солиғига белгиланган ставкани 30 фоизга камайтириш тавсия қилинди.

Маҳаллий ҳокимият органлари тадбиркорлик субъектларига мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш муддатини фоизларсиз 6 ойга кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятини тақдим этади. Бунда, ушбу солиқларни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) солиқ тўловчининг аризаси ва Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг ҳудудий бошқармалари раҳбарларининг хулосалари асосида бошқа ҳужжатларни талаб қилмасдан тақдим этилади.

Фармонда белгиланишича, 2020 йил 1 октябргача:

хўжалик юритувчи субъектларга ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебиторлик қарздорликлари учун жарималар қўллаш тўхтатилади;

солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловлари бўйича пеня ҳисобланишини тўхтатиб туради ҳамда солиқ қарзларини мажбурий ундириш чораларини кўрмайди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг солиқ текшируви 2021 йил 1 январгача тўхтатиб турилади, жиноят иш доирасида ёки юридик шахс тугатилганлиги муносабати билан ўтказилаётган солиқ текширувлари бундан мустасно.

Юқоридагилардан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкинки, энг аввало аҳолимиз карантин қоидалари ва шифокорлар маслаҳатига амал қилган ҳолда, ваҳимага тушмасдан давлатимизга президентимизга ишониб ёрдам бериш ва қўллаб-қувватлаши керак. Халқимиз бошига бундай кулфатлар тушган бир пайтда тадбиркорларимизга инсоф берсин ва уларга имтиёз ва енгилликлар берилган бир пайтда виждонли солиқ тўловчи бўлишлари талаб этилади.

Жаҳонгир Ўрмонов, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти “Ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва техник назорат” кафедраси бошлиғи, и.ф.д, доцент, майор.

2 134
ЎзA