ЎзА Ўзбек

27.04.2020 Чоп этиш версияси

Коронавирус пандемияси даврида 3 мингга яқин ишсиз аҳоли жамоат ишларига жалб этилди

Коронавирус пандемияси даврида 3 мингга яқин ишсиз аҳоли жамоат ишларига жалб этилди

Тошкент шаҳрида пандемия сабабли вақтинча ишсиз қолган фуқароларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан коронавирус пандемиясининг меҳнат бозорига, меҳнат муносабатлари ва аҳоли бандлигига салбий таъсирини юмшатиш, ишсиз ва хорижга ишлаш учун кета олмаган, шунингдек, карантин чора-тадбирлари давомида вақтинчалик ишсиз қолган фуқаролар бандлигига кўмаклашиш бўйича Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамкорлигида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида фаолияти тўхтаган корхона ва ташкилотлар туман, шаҳарлар кесимида таҳлил қилинганда савдо ва умумий овқатланиш, қурилиш, хизмат кўрсатиш ҳамда бошқа соҳалардаги корхоналарда 7490 нафар аҳолининг ишсизлиги маълум бўлди.

Жорий йилнинг 22 апрель ҳолатига кўра, 2 минг 809 нафар ишсиз аҳоли “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ” дастурлари орқали маҳалла ҳудудларини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, тадбиркорлик субъектлари, турли корхона ва ташкилотлар, ҳудудларда олиб борилаётган дезинфекция ишлари кўламини кенгайтириш мақсадида маҳаллалар, кўчалар, бозорлар ҳамда бошқа жамоат жойларини дезинфекция қилиш, якка ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган ва ўзгалар парваришига муҳтож фуқароларга кўмаклашиш, асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўчма савдо шохобчаларига ва бошқа жамоат ишларига жалб қилинган. Бугунги кунга қадар турли ишларга жалб этилган фуқароларга аванс тариқасида 389 миллион сўм иш ҳақи тўланди.

Карантин даврида келиб тушган 625 мурожаатнинг 392 таси юзасидан меҳнат қонунчилиги бўйича тушунтириш берилди. Битта ҳолат бўйича иш берувчига ёзма кўрсатма юборилди, иккита ҳолат бўйича масъул шахсларга нисбатан маъмурий жарима қўлланилди.

Айни пайтда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларга қўшимча даромад манбаи яратиш борасидаги ишлар давом этмоқда.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати

2 563
ЎзА