ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Корхоналарни бошқарув тизими: амалиёт ва самара

Корхоналарни бошқарув тизими: амалиёт ва самара

Самарқанд вилоятида давлат иштирокидаги 223 та корхонанинг 10 таси акциядорлик жамияти, 25 таси масъулияти чекланган жамияти ҳамда 128 таси давлат унитар корхоналаридир.

Вилоятдаги 24 та хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги акциялар пакети Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан бошқарилмоқда. Ушбу корхоналардан 1 таси банкрот, 2 таси фаолият кўрсатмайди.

photo5348036111420730564.jpg

Фаолият кўрсатаётган 21 та хўжалик жамиятлари фаолиятига коорпоратив бошқарув тамойиллари жорий этилиши натижасида 2019 йилда давлат улушига жами 9 миллиард 40 миллион сўм дивиденд ҳисобланган. Солиқларни инобатга олмаганда давлат улушига тўланадиган дивиденд тўловлари миқдори 8 миллиард 588 миллион сўмни ташкил этиб, бугунги кун ҳолатига 8 миллиард 261 миллион 130 минг сўм миқдоридаги дивиденд тўловлари давлат бюджетига тўланган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган семинарда шу каби маълумотлар қайд этилди. Давлат иштирокидаги корхоналар мутасаддилари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакилларига корхоналар фаолияти самарадорлигини оширишда замонавий коорпоратив бошқарув услублари ва методларини жорий қилиш ҳамда амалиётда қўллаш бўйича тавсиялар берилди.

photo5348480876759067733.jpg

– Давлат иштирокидаги корхоналар фаолият самарадорлигини ошириш бошқарувга алоҳида ёндашувни талаб қилмоқда, – дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдулазиз Сатторов. – Шу боис, бугунги тадбирда корпоратив бошқарув тизимининг муҳим жиҳатларини амалиётга жорий этишнинг афзалликларини тушунтириб беришга ҳаракат қилдик. Корпоратив бошқарув – бу компания менежерлари ва эгалари (акциядорлари, иштирокчилари) ўртасида компания фаолияти самарадорлигини таъминлаш ва унинг эгалари, шунингдек, бошқа манфаатдор томонларнинг (кредиторлар, ҳамкорлар, мижозлар, компания персонали ва бошқалар) манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш борасидаги ўзаро муносабатлар тизимини ташкил қилади.

photo5348480876759067734.jpg

Давлат корхоналари, шунингдек, хўжалик бошқарув органлари муассиси ҳисобланадиган унитар корхоналарда муассис томонидан ташкилотнинг кейинги йил учун бизнес режаси ҳар йил 1 декабргача тасдиқланиши ва унинг бажарилиши тўғрисида ташкилот ижро этувчи органи ҳисоботи ҳар чоракда эшитиб борилиши тўғрисидаги тартиб ўрнатилган.

Семинарда ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар мутасаддилари мавзу доирасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Айни жараёндаги мавжуд муаммолар, тушунмовчиликлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

657
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА