ЎзА Ўзбек

25.07.2018 18:12 Чоп этиш версияси

Корхонада яна 110 иш ўрни яратилди

Қашқадарё вилоятида енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий корхоналар ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги “2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Қарши шаҳридаги “Санам” масъулияти чекланган жамияти вилоятдаги йирик тикувчилик корхоналаридан бири. Фабрика томонидан ишлаб чиқарилаётган кийим-кечаклар, айниқса, эркаклар кўйлаги ва шимлар сифати, матосининг табиийлиги ва бичими билан ажралиб туради. Шу боис, корхона маҳсулотларига талаб ортмоқда, буюртмалар йилдан-йил кўпаймоқда.

Корхонада маҳсулотлар сифати ва экспорт ҳажмини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусан, жорий йилда тижорат банкларининг 950 миллион сўмлик кредити эвазига Россия, Япония, Германия, Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий тикув ва бичув дастгоҳлари келтириб ўрнатилди. Натижада қўшимча 110 янги иш ўрни яратилди.

– Бугун тараққиёт билан ҳамнафас ҳаракат қилишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда, – дейди корхона бош муҳандиси Лола Наврўзова. – Жорий йилда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан ажратилган кредит эвазига 50 янги тикув машинаси, 4 мураккаб вазифаларни амалга оширадиган махсус замонавий тикув ускуналари, шунингдек, матолар харид қилдик. Бу иш унумини янада ошириш ва сифатли маҳсулот чиқаришда муҳим омил бўлмоқда. Яқин келажакда Италиянинг машҳур фирмасига тегишли бўлган жинси матосидан шим тикишга мўлжалланган технология келтириш ва ишлаб чиқарган маҳсулотимизни экспортга йўналтиришни мўлжаллаяпмиз. Бу лойиҳанинг амалга оширилиши яна 200 иш ўрни яратиш имконини беради.

Бугунги кунда корхонада 50-60 турдаги 300 мингдан ортиқ тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Давлат буюртмасидан ташқари ички бозор учун махсус иш кийимлари ҳам тикилмоқда. Жамият фаолиятини мунтазам такомиллаштириш, техник ва технологик янгилаб бориш жамият аъзоларининг шиорига айланган. Ишчи-хизматчилар учун барча қулайлик ва шароитлар яратилган. Айни пайтда “Санам” масъулияти чекланган жамиятида 530 ишчи хизматчи меҳнат қилмоқда.

– Танлаган касбимдан хурсандман, – дейди Соҳиба Шокирова. – Тикаётган маҳсулотларимиз мижозларга маъқул бўлаётгани кўнглимда фахр туйғусини уйғотади. Насиб этса, биз тикаётган либослар дунё бозорида ҳам ўз ўрнини топади. Чунки, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш учун шароитимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етарли.

Ўлмас Баротов, ЎзА
4 201