ЎзА Ўзбек

14.08.2019 11:03 Чоп этиш версияси

Кореяликлар Самарқандда меҳмонхона қуради

Кореяликлар Самарқандда меҳмонхона қуради

Самарқанд шаҳрида Самарқанд вилояти ва Корея Республикаси тадбиркорлари иштирокида бизнес форум ўтказилди.

Форум аввалида Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Ўзбекистон-Корея бизнес маркази директори Ким Чанг Кёнг кейинги йилларда ўзбек-корейс муносабатлари янги босқичда тобора мустаҳкамланаётганини қайд этди. Бу эса икки давлат минтақалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг йўлга қўйилишида муҳим омил бўлмоқда.

Ана шундай яқин муносабат туфайли 2018 йилда Самарқандда умумий қиймати 77 миллион долларлик 4 та инвестицион лойиҳани амалга оширишга киришилди. Йўл қурилиши, лалми ерларни ўзлаштириш, Самарқанд вилояти туризм салоҳиятини оширишда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш борасида кореялик тадбиркорлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

photo5377784094294911807.jpg

photo5377784094294911808.jpg

Айни пайтда Самарқандда Корея Республикаси сармояси иштирокида 25 та қўшма корхона, 10 та хорижий корхона фаолият юритмоқда. Уларда ип-калава, ипак, трикотаж матолар, болалар кийимлари, матолар, гилам, қайта ишланган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, мебель ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Ўтган йил Самарқанд вилояти ва Корея Республикаси минтақалари ўртасидаги товар айланмаси 22 миллион 474 минг АҚШ долларидан ортиқни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 21 миллион доллардан ошди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 баравар ўсишга эришилди.

– Давлатларимиз ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиб бориши натижасида бугун Кореядаги йирик фирма ва компаниялар Ўзбекистонда ўз филиалини очишга, бу ерда бизнес фаолияти олиб боришга интилмоқда, – дейди Ўзбекистон-Корея бизнес маркази директори Ким Чанг Кёнг. – Шу мақсадда кейинги икки йил давомида тадбиркорларимиз иштирокида бизнес форумлар ташкил этиш мунтазамлик касб этди. Бу галги тадбир доирасида ҳам муҳим келишувларга эришиш кўзда тутилган ва бу борада амалий ишлар ҳам бошланди. Жумладан, форум аввалида “Ургут” эркин иқтисодий зонасида фаолият кўрсатаётган корхоналар билан танишдик. Ишлаб чиқарувчилар учун яратилган шароит ва имкониятларни кўриб, кўплаб тадбиркорларимиз шу ернинг ўзида ҳамкорлик бўйича шартномалар имзолади.

photo5375319740844715022.jpg

photo5377456268031143184.jpg

photo5375319740844715021.jpg

Бизнес форумда Кореядаги 45 фирма ва компаниялар вакиллари 200 нафардан ортиқ самарқандлик тадбиркорлар билан ахборот коммуникация ва информацион технологиялар, фармацевтика, туризм, енгил саноат, электр ва маиший техника ишлаб чиқариш, замонавий шаҳарсозлик, қурилиш материаллари тайёрлаш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилди. Бу борадаги лойиҳалар тақдимотлари ўтказилди, B2B форматда учрашувлар уюштирилди.

Бу мулоқотлар натижасида “Wongwang Construction” ва “NEO&Saram CO.” компаниялари билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида умумий қиймати 100 миллион доллар бўлган замонавий меҳмонхона барпо этиш, “MIR Corporation” компанияси билан биргаликда умумий қиймати 30 миллион долларлик қуруқ сут ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш, “Alchera” компанияси билан ахборот технологиялари бўйича ҳамкорлик қилиш, “Myung Sung” компанияси билан ҳамкорликда иссиқхона хўжаликларига хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш каби лойиҳалар бўйича 10 га яқин меморандум имзоланди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири
2 210