ЎзА Ўзбек

09.10.2019 Чоп этиш версияси

Кореялик журналистлар Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига ташриф буюрди

Кореялик журналистлар Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига ташриф буюрди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси билан Корея журналистлари ассоциацияси ўртасида журналистика соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишув имзоланган эди. Шунга мувофиқ куни кеча юртимизга Корея журналистлари ассоциацияси президенти Жунг Кю Сунг бошчилигидаги бир гуруҳ ОАВ вакиллари ташриф буюрди.

Маълумки, кўплаб соҳаларда халқаро ҳамкорлик амалга ошириб келинмоқда. Мазкур амалий тадбир ҳам айни мақсадни кўзлаган. Дастлаб кореялик журналистлар пойтахтимиздаги Корейс маданият марказига борди ва ушбу марказда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Бу ерда мазкур марказ раиси Виктор Пак Ўзбекистонда истиқомат қилаётган корейс миллатига мансуб фуқаролар билан ишлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни, олиб бораётган фаолияти хусусида сўзлаб берар экан, юртимизда турли миллат ва элат вакиллари учун яратилган имкониятлар хусусида фикрларини билдирди. Шундан сўнг меҳмонлар Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган “Хван Ман Гым” музейида ҳам бўлишди.

Корея журналистлар ассоциацияси президенти Жунг Кю Сунг ва соҳа мутахассислари “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририятида бўлиб, журналистлар ва бир қатор босма ОАВ бош муҳаррирлари ва журналистлар билан учрашди. Юртимизга амалий ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш, мустаҳкамлаш мақсадида келган кореялик ҳамкасблар ўзларидаги ОАВ фаолияти хусусида сўзлаб берди.

Шунингдек, меҳмонларга юртимиздаги ахборот макони, медиа маҳсулотлари, босма нашрлар фаолияти ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Мулоқот давомида икки давлат оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш кераклиги хусусида сўз юритилди.

Кореялик журналистлар гуруҳи Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси медиа марказида бўлиб шароитлар билан танишди. Халқаро информацион майдонда рақобатлашадиган рақамли форматдаги миллий телефильмлар, дастур ва сериаллар, миллий бадиий телемаҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган медиамарказдаги замонавий мультимедиа ва техник воситалари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шу билан бирга кореялик журналистлар Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ҳам бўлди. Улар университетдаги таълим жараёнлари, кадрлар тайёрлаш тизими билан яқиндан танишди.

– Кореяда тахминан 50 минг нафарга яқин журналист бор, – дейди Корея журналистлари ассоциацияси президенти Жунг Кю Сунг. – Шуларнинг ўн минг нафари ассоциацияга аъзо. Шундан тахминан 20 фоизи аёллардир. Лекин бугунги кунда аёлларнинг сони ҳам кўпайиб бормоқда. Юртингизга ташриф давомида Ўзбекистон ОАВ фаолияти хусусида кўплаб маълумотларга эга бўлдим. Фаолиятда ўхшаш жиҳатлар ҳамда фарқли томонлар бор экан. Бизда журналистлар ассоциацияга кириш учун талаб, шартлар жуда қийин. Аъзоликка қабул қилингач, давлат аҳамиятига молик бўлган ОАВда ишга жойлашиш анча осонлашади. Нуфузли мукофотларга тавсия этилади. Шу боис, ассоциацияга кириш учун ариза берувчилар жуда кўп. Сизларда бу бошқача экан. Лекин Ўзбекистонда ҳам сўнгги вақтларда очиқлик, холислик принципларига таянилаётгани, ўзгаришлар бўлаётганини кўриш мумкин. Биз бу борадаги ҳамкорлигимизни давом эттирамиз. Ўзбекистонлик журналистларга фикр алмашиш, журналистлар малака оширишини таъминлашга оид ўз ҳамкорлигимизни таклиф этамиз.

Кореялик ОАВ вакиллари Самарқанд ва Хоразм вилоятларида бўлиши режалаштирилган.

2 930
Барно МЕЛИҚУЛОВА, ЎзА